30 июль санаси мамлакатимизда “Халқлар дўстлиги куни” сифатида кенг нишонланади. Ушбу байрам муносабати билан ташкил этилган “Дўстлик” фестивали доирасида 27-30 июль кунлари республикамизнинг барча ҳудудларида маданий-маърифий тадбирлар ўтказилади.

Бугун, ҳафталикнинг илк куни эрта тонг иштирокчилар томонидан истиқлолимизнинг ўттиз йиллигига бағишлаб бунёд этилган “Янги Ўзбекистон” боғидаги Мустақиллик монументига гул қўйиш маросими бўлиб ўтди.

Тадбирда Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси раҳбарияти, миллий маданий марказлар раислари, турли миллат вакиллари ва таянчимиз бўлмиш ёшлар иштирок этди.

Миллатлараро бағрикенглик азалий қадриятимиз бўлиб, халқимизнинг қон-қонига сингиб кетган. Қадим-қадимдан ота-боболаримиз ўз ўгитларида халқлар дўстлиги туйғусини юксак даражада улуғлаб келишган. Бугун шодиёна билан ўтаётган тадбирлар айни қарашларимиз тасдиғи.

– Ўзбекистонда ўтаётган маданий тадбирлар дўстликни тараннум этиш, турли миллат вакилларини янада жипслаштиришга хизмат қилмоқда, – деди “Wiedergeburt” Республика немис миллий маданий маркази раиси Елена Миронова. – Немислар Ўзбекистон ҳудудида қарийб икки юз йилдан буён истиқомат қилиб келади. 32 йилдан бери фаолият юритаётган марказимиз “Халқлар дўстлиги куни”ни нишонлашни ҳамиша муштоқ бўлиб кутади.

Қайд этиш жоиз, фестивал аҳолини, айниқса ёш авлодни республикамизда яшаб турган миллат ва элат вакиллари тили, маданияти, анъана ва урф-одатларини асраб-авайлаш, мамлакатимиз тараққиётига муносиб ҳисса қўшиш, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни янада мустаҳкамлашга рағбатлантиради.

– Янги Ўзбекистонда янги дўстлик ришталари ўрнатилмоқда, – дея таъкидлади Республика тожик миллий маданий маркази раиси Гуландом Субҳонова. – Давлат раҳбари ташаббуси билан ташкил этилган ушбу муборак кун биз – турли миллатга мансуб фуқаролар тотувлигини таъминлаш баробарида, барчамизга маърифий қадриятларимизни намойиш этиш имконини бермоқда.

Беҳруз Худойбердиев,

Муҳаммад Амин (сурат), ЎзА