Сенат фаолияти нафақат қонунларни такомиллаштириш, балки қонунлар ижроси, ислоҳотлар амалда таъминланиши учун парламент назоратини амалга ошириш, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, жойларда аҳолини ташвишга солаётган долзарб масалаларга ечим топишга қаратилган.

Жорий йил биринчи ярмида қандай амалий ишлар қилинди? Бу саволга Сенат ахборот хизмати раҳбари Ҳожиакбар Тўлаганов жавоб берди:

– Жорий йил биринчи ярмида олтита ялпи мажлис ўтказилиб,  давлат ва жамият ҳаётининг турли соҳаларига доир 50 дан ортиқ масала кўриб чиқилди. Жумладан, 41 қонун муҳокама қилиниб, сенаторлар томонидан маъқулланди. Тўртта эшитув ўтказилди. Турли йўналишларга оид жами 40 га яқин муаммоли масала, камчиликлар қайд этилиб, 60 дан зиёд аниқ топшириқ, тавсия ва кўрсатмалар белгиланди.

Маданий мерос агентлигига музейлар фаолиятини яхшилаш масалаларига оид парламент сўрови юборилди. Унда музейлар фаолияти, хусусан музей ашёлари ва коллекцияларини сақлаш ҳамда уларнинг хавфсизлигини таъминлашга доир 12  йўналишдаги аниқ масалалар кўрсатиб ўтилди.

Сенат қўмиталари томонидан 34 та назорат-таҳлил тадбири  ўтказилди. Хусусан, қонунларнинг ҳудудлар ва тегишли соҳалардаги ижроси ҳамда аҳолини қийнаётган долзарб масалалар юзасидан 30 та ўрганиш ўтказилди.

Халқаро алоқалар йўналишида парламент дипломатиясига алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, хорижий давлатлар парламентлари ва халқаро ташкилотлар вакиллари билан амалий мулоқот изчил давом эттирилди. Сенат раҳбарияти ва аъзоларининг хорижий давлатларга 40 дан ортиқ ташрифи амалга оширилди.

Хорижий давлатлар, халқаро ташкилотлар ва халқаро молия тузилмалари вакиллари билан 97 та учрашув, жумладан, видео ва телефон орқали мулоқотлар ўтказилди.

Марказий Осиё парламентлараро форуми (Қозоғистон), Ривожланаётган мамлакатлар бўйича БМТ конференцияси (Қатар), Нева халқаро экология конгресси (Россия), Халқаро меҳнат конференцияси (Швейцария), Марказий Осиё етакчи аёллари мулоқоти (Қозоғистон), шунингдек, Парламентлараро Иттифоқ ассамблеяси (Баҳрайн), МДҲ Парламент ассамблеяси, Туркий давлатлар ташкилоти Парламент ассамблеяси каби тузилмалар йиғилишларида амалий таклифлар билан иштирок этилди.

Халқ депутатлари маҳаллий кенгашлари фаолиятига кўмаклашиш ва улар билан ҳамкорликни кучайтириш ишлари ҳам изчил давом этмоқда. Соҳага оид норматив-ҳуқуқий базани такомиллаштиришга эътибор қаратилди.

Адлия вазирлиги билан биргаликда ишлаб чиқилган “Маҳаллий вакиллик органлари тўғрисида”ги ҳамда “Маҳаллий ижроия ҳокимияти тўғрисида”ги қонун лойиҳалари бўйича таклифлар шакллантирилди.

Сенат кенгаши қарори билан маҳаллий кенгашларнинг намунавий регламентига депутатларни дахлсизликдан маҳрум этишнинг аниқ механизмларини белгиловчи ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди.

“E-kengash.gov.uz” электрон платформаси синов тариқасида ишга туширилди.

Сенат қўмиталарининг ҳудудлардаги барча назорат-таҳлил тадбирлари тегишли маҳаллий кенгашлар билан ҳамкорликда олиб борилмоқда.

Сенаторларнинг фаолияти давомида халқ билан мулоқот устуворлик касб этди.

Сенатга жами 6 минг 720 мурожаат келиб тушди. Шундан 3,2 мингтаси тегишлилиги бўйича ваколатли органларга юборилди. 2,1 мингта мурожаат юзасидан ҳуқуқий тушунтириш берилди. 400 га яқин мурожаат сенаторларнинг бевосита саъй-ҳаракатлари билан ижобий ҳал этилди. Сенат раисининг ижтимоий тармоқлардаги саҳифалари орқали келган 367  мурожаатнинг 60 таси ижобий ҳал қилинди, 270 таси бўйича ҳар томонлама асосланган ҳуқуқий тушунтириш берилди. Қолган 37 таси кўриб чиқилмоқда.

Шу билан бирга, ҳисобот даврида 2,2 мингга яқин фуқаро бевосита Сенатнинг ўзида қабул қилиниб, улар томонидан кўтарилган муаммоларни мутасаддилар иштирокида ҳал этиш чоралари кўрилди.

Сенаторларнинг ҳар ойда ҳудудларга хизмат сафари доирасида фуқароларни қабул қилиш, шу жумладан, Сенатга йўлланган мурожаатлар муаллифлари билан учрашиб, кўтарилган масалаларни жойида ҳал қилишга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Мазкур амалиёт доирасида 2,7 мингдан зиёд мурожаат (ижтимоий ҳимоя, бандлик, кредит ва ҳ.к.) алоҳида назоратга олиниб, ҳал қилиш чоралари кўрилди.

Сенат раисининг ҳудудларга ташрифи давомида аҳоли ва тадбиркорлар томонидан кўтарилган юздан зиёд масалаларни ҳал қилиш чоралари кўрилди.

Жойларда ўтказилган сайёр қабуллар давомида аҳоли томонидан кўтарилган масалаларнинг айримлари Сенат ялпи мажлислари муҳокамасига ҳам олиб чиқилиб, мутасадди вазирлик, идоралар эътиборига ҳавола этилди ва ҳал этилиши назоратга олинди.

Очиқлик ва шаффофликни таъминлаш Сенат фаолиятининг устувор йўналишларидан бири. Хусусан, фаолиятининг барча йўналишларига доир маълумотлар, жумладан сенаторларнинг ҳудудлардаги фаолияти ОАВда кенг ёритиб келинмоқда.

Сенат ялпи мажлислари YouTube видеоплатформаси орқали мунтазам равишда тўғридан-тўғри эфирга узатилди.

Сенатнинг янги кўринишдаги расмий веб-сайти (https://senat.uz/) ишлаб чиқилиб, тест режимида ишга туширилди. Унда халқ билан мулоқот, фуқароларнинг сенаторларга тўғридан-тўғри электрон мурожаат йўллаш имконияти каби бир қатор интерактив хизматлар киритилди.

Н.Абдураимова, ЎзА