11-12 июль кунлари Литва пойтахти Вильнюсда НАТО га аъзо давлатлар саммити бўлиб ўтди. Анжуманда қуйидаги масалалар юзасидан баёнот берилди:

НАТО мамлакатлари етакчилари Украинани кўп йиллар давомида қўллаб-қувватлаш бўйича ҳужжатлар мажмуасини тасдиқлади. Келишув Украина қуролли кучларини ғарбий блок стандартига мослаштиришни кўзда тутади. Бандлардан бирида Украинани альянсга қўшиб олишнинг соддалаштирилган жараёни акс этган, дейди ташкилот Бош котиби Йенс Столтенберг.

***

Қабул қилинган коммюникеда Эрон “Россияга ҳарбий ёрдам кўрсатиш”ни тўхтатишга чақирилди, ушбу мамлакатнинг иттифоқчилар ҳудудида олиб бораётган душманларча ҳатти-ҳаракатидан хавотир билдирилди.

“Эрон Украина билан зиддиятда Россияни қўллаб-қувватлаши Евроатлантика хавфсизлигига салбий таъсир кўрсатади, биз ЭИРни Россияга ҳарбий ёрдам кўрсатиш, хусусан, учувчисиз учар аппаратлар етказиб беришни тўхтатишга чақирамиз”, дейилади ҳужжатда.

***

– НАТО Россияни армиясини зудлик билан ва ҳеч қандай шартларсиз Украина

ҳудудидан олиб чиқишга чақиради, – дейилган якуний баёнотда. – Россия ушбу ноқонуний урушни зудлик билан тўхтатиши керак, Украинага қарши куч ишлатишни бас қилиши, кучлари ва техникасини тўлиқ ҳамда олдиндан қўйиладиган шартларсиз Украинанинг халқаро тан олинган чегараларигача бўлган ҳудуддан олиб чиқиши керак.

Альянс РФ томонидан аннекция қилинган ҳудудларни ҳамда Қрим қўшиб олинишини ҳеч қачон тан олмаслигини ҳам таъкидлаган.

***

Шимолий Атлантика альянси Беларусь ва  Эронни Россияга ёрдам бераётганликда айблаб, ушбу мамлакатларни халқаро ҳуқуқ нормаларига риоя қилишга чақирган.

***

Аъзо мамлакатлар Европанинг шарқий қисмига қўшимча равишда кучларини жойлаштиради, заруратга қараб бўлинмаларни бригада миқдорига етказади, дейилади ҳужжатда. Аниқлик киритилишича, саккизта кўп миллатли жанговар гуруҳ ташкил этилган. Бу итифоқчилар тегишли ҳудуднинг ҳар бир қаричини ҳимоя қилишга тайёрлигини билдиради.

***

НАТО Россиянинг Украинага хуружи силсиласида Европанинг учувчисиз учар қурилмалари ва гипер товушли ракета ҳужумига қарши ҳаво мудофааси тизимини кучайтиради.

***

Владимир Зеленскийнинг “тинчлик формуласи” ҳамда БМТ Бош Ассамблеясининг Украина низосини тўхтатишга қаратилган саъй-ҳаракати қўллаб-қувватланади, дейилади қабул қилинган коммюникеда.

Таъкидланишича, НАТО БМТ низомига асосланган адолатли ва мустаҳкам тинчликка эришиш тарафдари.

***

Президент Зеленский Вильнюсда НАТО Украина хавфсизлигини таъминлайди, Украина эса НАТОни янада кучли қилади, деди.

***

НАТО Ядро қуролини тийиб туриш бўйича миссия самарадорлиги ва хавфсизлигини таъминлаш учун зарур қадам ташлайди. Бу жараёнда ядровий имкониятни модернизациялаш ва Шимолий Атлантика иттифоқи ядро кучлари қайишқоқлиги ва мослашувчанлигини ошириш мақсадида мавжуд режаларни янгилаш кўзда тутилган, дейилади якуний баёнотда.

***

Токи, ядро қуроли бор экан, НАТО ядровий альянс бўлиб қолади. Тузилманинг мақсади – барча учун янада хавфсиз дунё яратиш.

Аъзо мамлакатлар Хитой альянс манфаати ва қадриятига таҳдид солади, деб билади, бироқ ХХР билан ҳамкорлик учун эшик очиқлигини таъкидлайди.

***

Молдова хавфсизлик, мудофаа ҳамда қуролли кучларни модернизациялаш имкониятини мустаҳкамлаётган экан, НАТО ушбу мамлакатга ёрдамни кучайтириш йўли билан амалий кўмак беради.

Альянс Молдовани Европага интеграция жараёнида ҳам қўллаб-қувватлайди, дейилади ҳужжатда.

***

НАТО Россия билан қарама-қаршиликка интилаётгани йўқ, ушбу мамлакатга таҳдид солмайди, бироқ ҳозирги шароитда РФни шерик ҳисоблай олмайди.

Коммюникеда таъкидланишича, НАТО таҳдидни камайтириш ва қуролли можарога йўл қўймаслик учун Москва билан алоқанинг очиқ йўлакларини қўллаб-қувватлашда давом этади.

***

Иштирокчи мамлакатлари Грузияда альянсга қўшилиш ҳуқуқи мавжудлигини тасдиқлади. Бунинг учун Грузия мавжуд стандартга киритилган барча шартларни, жумладан, аъзоликка кириш бўйича ҳаракатлар режасини бажариши керак.

***

2024 йил НАТО саммити АҚШда ўтади, 2025 йил эса олий даржадаги учрашувга Нидерландия мезбонлик қилади.

“Биз Литва Республикаси кўрсатган меҳмондўстлик учун миннатдорлик билдирамиз. Альянснинг 75 йиллиги муносабати билан уюштириладиган навбатдаги мулоқотни 2024 йил Вашинтонда кутиб қоламиз, сўнгра 2025 йил Нидерландияда учрашамиз», – дейилади альянснинг расмий порталида эълон қилинган баёнотда.

С.Раҳимов, ЎзА