“Тараққиёт стратегияси” марказида Хитой Халқ Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Юй Цзюнь билан учрашув бўлиб ўтди.

Учрашув аввалида Марказ раҳбари Элдор Туляков Юй Цзюнни янги лавозимга тайинланганлиги билан муборакбод этиб, Ўзбекистон – Хитой ўртасидаги дўстлик ва ҳар томонлама стратегик шериклик муносабатларини мустаҳкамлаш борасидаги келгуси фаолиятига муваффақиятлар тилади.

Шу билан бирга, Э.Туляков элчи жанобларини Марказ фаолияти, 2022–2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси мазмун-моҳияти ва уни амалга оширишга қаратилган Давлат дастурларининг жамоатчилик мониторингини самарали ташкил қилиш борасида олиб борилаётган ишлар билан таништириб ўтди.

Ўз навбатида элчи Юй Цзюнь “Тараққиёт стратегияси” маркази томонидан тайёрланаётган ахборот-таҳлилий материаллар икки мамлакатнинг сиёсий, илмий ва ишбилармон доиралар вакиллари учун муҳим ҳужжат бўлиб хизмат қилаётганлигини ҳамда бу жараёнда Хитойнинг етакчи “ақл марказ”лари билан ҳамкорлик алоқаларининг йўлга қўйилганлигини юқори баҳолади.

Мулоқот якунида томонлар ўзаро манфаатли йўналишларда ҳамкорлик алоқаларни янада кенгайиришга қаратилган лойиҳаларни амалга оширишга келишиб олишди.

З.ЖОНИБЕКОВ, ЎзА