Президент Шавкат Мирзиёев раислигида ўтказилаётган йиғилишда инвестиция дастурларидаги 1,5 мингта лойиҳани тезлаштириш ва 12,1 миллиард доллар хорижий инвестицияларни ўзлаштириш бўйича янги тизим жорий қилиниши таъкидланди.

Жумладан, давлат инвестиция дастури доирасида 11,5 миллиард долларлик 272 та йирик лойиҳани муддатидан олдин фойдаланишга топшириш бўйича “лойиҳабай” иш ташкил этилади.

Бунда ҳар бир лойиҳага бириктирилган вазир, вазир ўринбосарлари, банк раҳбарлари масъул ва жавобгар бўлади. Умуман, ҳудудлардаги 89 та йирик лойиҳани муддатидан олдин ишга тушириш учун инфратузилма масаласи ҳал қилиб берилади.

Бу йил инфратузилмага бюджетдан 1,2 триллион сўм ажратилмоқда. Бу етарли эмаслиги қайд этилиб, инфратузилмага яна 100 миллион доллар йўналтиришга қарор қилинди.

Ҳудудларда 1 минг 200 та лойиҳа доирасида 4,6 миллиард доллар тўғридан-тўғри хорижий инвестиция ўзлаштириш зарур. Бунда, лойиҳалар 3 та тоифага ажратилиб улар билан манзилли ишланади.

Тегишли ҳукумат комиссиясига вазир ва тармоқ раҳбарлари билан бирга ҳар бир лойиҳани ичига кириб, халқаро молия институтлари иштирокидаги лойиҳаларни жадаллаштириш топширилди.

ЎзА