Бунинг учун барча ресурслар, саъй-ҳаракатлар сафарбар этилмоқда.

Сенатнинг қирқ иккинчи ялпи мажлиси давом этмоқда. Мажлисни кириш сўзи билан очган Сенат Раиси Танзила Норбоева  мамлакатимизда сиёсий, ижтимоий-иқтисодий ўзгаришлар, кенг кўламли бунёдкорлик ишлари амалга оширилаётганига эътибор қаратди.

Эътиборли жиҳати, ислоҳотлар йилдан-йилга янги босқичга кўтарилиб, ўз амалий натижаларини бермоқда. Бунда ҳудудлар ривожи, маҳаллалар ободлиги ва оилалар фаровонлигини таъминлаш, қолаверса, ҳар бир инсоннинг ҳаётдан рози бўлиб яшашига эришиш давлатнинг энг устувор мақсад ва вазифасига айланди. Бунинг учун барча ресурслар, саъй-ҳаракатлар сафарбар этилмоқда.

– Деярли ҳар куни халқимиз ҳаётини янада яхшилашга қаратилган ҳужжатлар қабул қилинмоқда, долзарб масалалар муҳокама қилиниб, ечимлар берилмоқда, – деди Т.Норбоева. Хусусан, Сенат мажлисларида ҳам кўриб чиқилаётган ҳар бир қонунга назар солсак, албатта, бирор соҳада ёки аҳолининг оғирини енгил қилиш, қўшимча қулайликлар, имтиёзлар беришга эътибор қаратиб келинмоқда.

Энг муҳими, жамиятимиз, фуқароларимизнинг ҳам ушбу ислоҳотларга ҳамоҳанг тарзда сиёсий, ижтимоий фаоллиги ортиб бормоқда. Бунга сенаторлар жойларга чиққанда гувоҳ бўлмоқда. Хусусан, сўнгги 20 кун ичида сенаторлар ҳудудларда қонунларнинг мазмун-моҳиятини аҳолига етказиш, фуқаролар қабулини ўтказиш давомида ҳам буни бевосита кузатди.

Аҳоли фаол ва талабчан. Бу эса биздан давлатнинг барча мансабдорлари қаторида масъулиятни яна бир неча карра оширишни талаб қилади. Доимо изланишда бўлишимиз, янада ташаббускорлик кўрсатишимиз лозим  деди Сенат Раиси.

 

Н.Абдураимова, Н.Ҳайдаров (сурат), ЎзА