Нукусда Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Қорақалпоғистон мусулмонлари қозияти, “Вақф” хайрия жамоат фонди томонидан гапириш ва эшитишда нуқсони бўлган ватандошларимиз учун “Сиз бизга кераксиз!” хайрия тадбири ташкил этилди.

Унда Қорақалпоғистон мусулмонлари қозияти қозиси Шамсуддин Баҳауддинов, “Вақф” хайрия жамоат фонди Қорақалпоғистон Республикаси филиали раҳбари Исломбек Тажетдинов сўзга чиқиб, мамлакатимиз раҳбари ташаббуси билан кам таъминланган, эҳтиёжманд, боқувчисини йўқотган фуқароларга, ногиронлиги бўлган шахсларга кўрсатилаётган хайрия тадбирларига тўхталди.

Тадбирда гапириш ва эшитишда нуқсони бўлган 100 нафар юртдошимизга “Вақф” хайрия жамоат фонди томонидан Қуръони Карим китоби ҳамда озиқ-овқат маҳсулотлари тарқатилди. Уларга дастурхон ёзилиб, давлатимиз раҳбарининг қўллаб-қувватлаши, Ўзбекистон мусулмонлари идораси ташаббуси билан ногиронлиги бўлган шахслар учун амалга оширилган Ҳаж сафари таассуротлари тўғрисидаги видеофильм намойиш этилди.

Тадбирда иштирок этганлар кам таъминланган, боқувчисини йўқотган, ногиронлиги бўлган шахсларга кўрсатилаётган алоҳида эътибори учун Президентимизга миннатдорлик билдирди.


Довуд АБИБУЛЛАЕВ, ЎзА