Амстердамда дунёдаги биринчи камерасиз ва объективсиз фотоаппарат тақдим этилди. Бу қурилмага атроф-муҳитни ўқиб, маълумотни сунъий интеллектга узатувчи антенналар ўрнатилган. Афтидан, биз ўрганиб қолган фотоаппаратлар энди тарих жавонидан ўзига ўрин қидирмоқда.

Яқинда голландиялик Бёрн Карманн ихтиро қилган “Paragraphica” камераси намойиш қилинди. Мослама тасвирга олмайди, балки суратни ҳосил қилади. Бу гажетни Ерга ўзга сайёраликлар олиб келганга ўхшайди, чунки объектив ўрнига ўрнатилган ўргимчак шаклидаги айрича фойдаланувчининг жойлашувини ўқийди ва атрофдаги ҳодисаларни тушунади. Қурилма олган маълумотини бизга таниш “Stable Diffusion” нейрон тармоғига узатади. Алгоритм бир зумда атроф-муҳитнинг юқори сифатли суратини яратади.
Фотосуратчи сўров ўрнатиши мумкин, нейрон тармоқ шу асосда тасвирни яратади. Масалан, ёмғир қўшиш, одамлар жойлашувини, кун вақтини, ёруғликни ўзгартириш мумкин. Ишонаверинг, бу фото санъатининг янги даражаси.

“Paragraphica”да сканерланган майдон сатҳи, суратнинг тиниқлиги, донадорлиги ва равшанлигини созлайдиган тугмалар мавжуд. Асл тасвир фокуси ва услубини ҳам созлаш мумкин.

“Сунъий интеллект учун сўров» таклифи ҳар доим қолипда яратилади. Камера ушбу қолипга ҳарорат, жойлашув нуқтаси, бурчак, об-ҳаво ва яқин атрофдаги объектлар ҳақидаги маълумотни киритади. Аппарат “Raspberry Pi-4” компьютери базасида ишлайди ва барча маълумот 15 дюймли сенсорли экранда кўринади. Камера суратни 1-2 дақиқа кечикиб олади, бу вақт ичида нейрон тармоқда фото ҳосил қилади.

Тирик “Pixar” чироғи интернетда хитга айланмоқда

2023 йил апрель ойида “Xiaomi  Xiaomi-13” смартфони ва “Smart Band-8” фитнес-билак узугини намойиш қилди. Ушбу матоҳлар тақдимоти биринчи марта ташкил этилгани йўқ, фақат “Mijia Pipi” ақлли чироғи тадбир иштирокчилари учун ноодатий янгилик бўлди, деса бўлади.

“Mijia Pipi” ўз ҳаёти билан яшайдиган ва фойдаланувчи имо-ишорасини тушунадиган стол чироғидир. Бу қурилма рақсга тушади, етакласангиз эргашади, хафа бўлади, фойдаланувчининг уйига қайтишидан хурсанд бўлади ва бошқа турли ҳис-туйғуларни намоён қила олади. Сунъий интеллектга эга интер фаол камера билан жиҳозланган. Ақлли тизим имо-ишорани, жумладан, кафт ва бармоқларнинг турли ҳаракатини танийди. Қўл ҳолатини кўради ва автоматик равишда кузатиб боради. Тирик ва содиқ уй ҳайвони каби эгасига қўл чўзаётганга ўхшайди.

Шифт ва ёруғлик ёрдамида ҳар қандай ҳис-туйғуни ифодалайдиган бу чироқ бахтли бўлса, шифтни силкитиб, милтиллайди, ғамгин бўлса, “бошини хам” қилади.

Асримиз ўртасида уйлар қандай кўринишда бўлади?

“DailyMail.com” нашри журналистлари футурологлардан 2050 йилга келиб одамлар истиқомат қиладиган уйларда қандай инқилобий ўзгаришлар юз беради, деб сўрашди. Шунда мутахассислар “Midjourney”  тасвирли сунъий интеллект-генератордан фойдаланишди. Мақсад ўз фаразлари тасвирини намойиш қилиш эди. Натижа анчайин ажойиб чиқди.

• Уй иссиқни сақлайдиган материал билан лойиҳалаштирилади.
• Ҳар қандай сирт муайян операцияни бажарадиган экранга айланиши мумкин.
• Уй одамлар нафақага чиқиши ёки шунчаки дам олиши учун кўнгил очар «капсула»га тўлади.

• Иинсон ўзи истеъмол қиладиган маҳсулотни ўз қўли билан ишлаб чиқариши одатий ҳолга айланади, озиқ-овқат уйда етиштирилади.

Рақамли уйни ижарага бериш компанияси раҳбари Майк Ралфс айтишича, келажакда уй девори тегиниш ёки овозли буйруқ бериш ёрдамида ташқи кўринишини ўзгартириши мумкин. Хоналарнинг бир қисми ёки барча қаватлар бир тугмани босиш орқали қайта қурилади.

Дубайда “Бугатти” тақдим этган уй намойиш қилинди

Дубайда “сузувчи”, шаклсиз бино тақдим этилди. Бу Бугатти қароргоҳи.
Ичкарида янги машина, беш юлдузли меҳмонхона ва кўп хонали хусусий квартира сотиб олишингиз мумкин бўлган салон бўлади. Уй-жой учун жами 182 хона – 171 хона ва 11 хонадон. Бундан ташқари “Бугатти қараргоҳи”да  мини-пляжли очиқ бассейн ва ҳар бир қават айвонида бассейн мавжуд.
Осмон ўпар бинода бир вақтнинг ўзида икки хил лифт ишлайди: бири одамлар, иккинчиси машиналар учун. Ҳа, гараж, тўхташ жойи йўқ, лекин машина тўғридан-тўғри сизнинг қаватингизга кўтарилиб, уйингизда сақланиши мумкин.

Бино қачон топширилиши ҳақида маълумот берилмаган, бироқ ишлаб чиқарувчи веб-сайтида меҳмонлар ва харидорлар учун мурожаат ойнаси аллақачон мавжуд.

Саудия Арабистонида келажак аэропорти қурилади

Саудия Арабистони шимоли-ғарбий қисмида “Red Sea Project” Қизил денгиз халқаро аэропорти қурилади. Лойиҳанинг ижтимоий тармоқ аккаунтида қурилиш майдончасидан ҳақиқий сурат пайдо бўлди.

Кенг кўламли иншоот нафақат муъжизавий тарзда қурилган аэропорт биноси, балки 50 га яқин меҳмонхона, 1000 дан зиёд уй ва ҳатто, яхталар тўхтайдиган жойни ҳам ўз ичига олади. Барча иншоотлар дизайни атрофдаги чўл ландшафтидан илҳомланиб яратилган. Хабар қилинишича, мажмуа тўлиқ қайта тикланадиган энергияда ишлайди.

Концептуал кадрларга кўра, подшоҳлик муҳандислари келажак аэропортида жуда кўп дарахт ва нам иқлимли воҳа яратишни режалаштирмоқда. Ақлли тизим бино ичидаги ҳавони, ҳароратни назорат қилиб туради.

2023 йилда энг кўп тарқалган пароллардан асло фойдаланманг!

Экспертлар таъкидлашича, 2023 йилда одамлар кибер хавфсизлик ҳақида кўп бор огаҳлантирилган, шунга қарамай, улар ҳалиям смартфонлари, иловалари ва “Wi-Fi” учун оддий ёки бемаъни пароллардан фойдаланишда давом этмоқда.

“NordPass” компанияси дунёнинг 30 мамлакатида 200 та энг кўп тарқалган омадсиз пароллар рўйхатини тузиб чиқди. Таъкидланишича, ушбу паролларнинг 80 фоизини бир сонияга қолмай бузиш мумкин.

Танишинг, 2023 йилда кенг тарқалган пароллар:

password

123456

123456789

guest

qwerty

12345678

111111

12345

col123456

123123

“NordPass” 2022 йил ҳам шундай рўйхатни эълон қилган эди. Афсуски, натижа бўлмади, бу йил ҳам ҳеч нарса ўзгармади. Демак, ҳалигача аксарият фойдаланувчилар паролини ўзгартирмаган!

Дарвоқе, “123456” 2021 йил энг кўп тарқалган пароллар рўйхатида биринчи ўринни эгаллаган эди, ҳозир иккинчи ўринга тушиб қолган. Энди “янада мураккаблашган версия” – “123456789” оммалашмоқда.

Кексалар учун хотирани мустаҳкамлайдиган маҳсулот

Янги тадқиқот ўз олдига  овқатланиш ва мия имконияти ўртасидаги боғлиқликни аниқлаш мақсадини қўйган эди. Тахминан, 71 ёшли 3 минг 562 киши иштирок этган уч йиллик изланиш шуни кўрсатдики, флавоноидларга бой парҳез қиладиган одамларда ёшга боғлиқ хотирани йўқотиш эҳтимоли камроқ экан. Флавоноид – ўсимлик ишлаб чиқарадиган махсус модда бўлиб, чой, олма ва резавор меваларда учрайди. Олимлар кунига 500 миллиграмм флавоноид истеъмол қилиш кекса хотирани сезиларли даражада яхшилашини аниқладилар.

Колумбия университети неврология профессори, етакчи олим Скотт Смол таъкидлашича, ихтиролар “қариган онгимизни мустаҳкамлаш учун турли хил озуқа зарурлигини кўрсатиб беришга қаратилган” тадқиқотнинг бир қисмидир.
Олимлар тасодифий равишда соғлом одамларни икки гуруҳга бўлишди. Баъзилар ҳар куни 500 миллиграмм флавоноид таблеткасини олишди, бошқалар ҳам таблетка олишди, аммо сохта. Тажриба уч йил давом этди.
Иштирокчилар бир неча хотира тестидан ўтди. Шунингдек, диета натижасини баҳолайдиган анкета тўлдиришди.

Энг яхши натижа танада флавоноидлар дастлабки етишмаслиги кузатилган одамларда кўринди. Уларнинг хотира кўрсаткичи сохта таблеткали гуруҳга нисбатан ўртача 10,5 фоиз ва дастлабки натижага нисбатан 16 фоиз ошган.
Белфаст Қиролича университети овқатланиш ва профилактика тиббиёти кафедраси профессори Эдин Кессиди ушбу тадқиқот «ҳақиқатан ҳам муҳим» экани, айниқса мия соғломлигини яхшилаш учун зарур дозани “осонлик билан олиш мумкин”лигини таъкидламоқда.

Бир пиёла чой, олти бўлак қора шоколад, бир неча резавор ва олма биргаликда организмни 500 миллиграм флавоноид билан тўлдирар экан.

Олимлар Тунгус метеорити ҳақидаги афсонани “бекор гап”, дейишмоқда

Шарқий Сибирдаги Чеко кўли ва 1908 йил Ерга қулаган метеорит ўртасидаги алоқа тасдиқланмади. Тунгус метеорити ҳодисаси бир асрдан кўпроқ вақт давомида тадқиқотчиларни ўйлантириб келмоқда. Эслатиб ўтамиз, 1908 йил 30 июнь куни эрталаб “Подкаменная Тунгуска” дарёси яқинида сирли портлаш эшитилган. Ўшанда турли мамлакатлардаги сейсмик станциялар кучли зарба тўлқинини қайд этган, аммо ҳудудни ўрганиш ҳеч қандай натижа бермаган. Метеор парчалар, гўё, буғланиб кетган. Метеорит қулаши натижасида кратер пайдо бўлиб, охир-оқибат Чеко кўлига айланди, деган фикр бор.

Сибир олимлари яқинда ўтказган тадқиқот бу фаразни рад этди, деб ёзди “РИА Новости”.

Мутахассислар кўл тубини, шакли ва чўкиндилар қалинлигини ўрганиб, маълумотни қўшни кўллар билан солиштирди. Маълум бўлишича, Чеко метеорит зарбаси натижасида пайдо бўлиши мумкин эмас, чунки кўлнинг пастки чўкиндилари ёши жуда катта.

Чеко, қўшни кўллар  сингари, Тунгус феноменидан олдин ҳам мавжуд бўлган, ёши 300-2000 йил деб баҳоланади. Бу термокарст жараёни, яъни тагидаги жинслар қулаши натижасида ҳосил бўлиши мумкин, дейди мутахассислар.

Хитойнинг “Adora Magic City” мегалайнери сувга туширилди

Шанхайнинг “Waigaoqiao Shipbuilding” компанияси томонидан яратилган улкан саёҳат кемаси – “Аdora Маgic City” (Сеҳрли Адора шаҳри) Хитойда ишлаб чиқарилган шу турдаги илк кема ҳисобланади.

Маълумотга кўра, 135 минг 500 тонналик мегалайнер Шанхайдан 6 июнь куни жўнаб кетган. Маълум қилинишича, “Аdora Маgic City” турли вазифаларни бажаришга тўлиқ тайёр. Ҳозир якуний синов ва текшириш босқичидан ўтмоқда.
Мегалайнернинг хусусиятлари:

• Узунлиги – 323,6 метр;

• Оғирлиги – 135 минг 500 тонна;

• Сиғими – 5 минг 246 йўловчи.

“Аdora Маgic City” ҳар бири 314 кишини сиғдирадиган 20 та қўшимча улкан қутқарув қайиғи билан жиҳозланган. Келаси йил халқаро йўналишга чиқарилади.

Олимлар энг юпқа чипни яратишди

Олимлар ярим ўтказгични кичиклаштиришда давом этяпти. Ҳозир ярим ўтказгичлар, ҳар қандай қурилмада ишлайди: смартфондан тортиб, масофадан бошқариш пультигача. Қирол Абдулла номидаги фан ва технология университети тадқиқотчилари бу борада яна бир ажойиб ихтирони намойиш қилишди: 2D  материалдан фойдаланган ҳолда энг митти чипни яратди.

Бу жуда нозик материал қалинлиги бир атомга тенг, енгил ва ноёб оптик, электрик хусусиятга эга. Бинобарин, янги мосламани электрон қурилмага интеграциялаш осон кечмайди. Сабаби, ишлаб чиқариш ўта нозик, мураккаб ёндашувни талаб қилади. Шунингдек, жараённи автоматлаштириш ҳам қийин. Шунга қарамай, университет жамоаси муаммони ҳал қилишга муваффақ бўлди: 2D материални чип ишлаб чиқаришга интеграциялашнинг янги усулини ишлаб чиқди.

Ҳозир жамоа микрочипнинг ишлаши ва миқёсланишини такомиллаштириш устида ишлаяпти, ушбу технологияни қўллаш мумкин бўлган янги соҳаларни ўрганяпти.

Олимлар фикрича, бундай юпқа чипдан эгилувчан смартфон ва тақиладиган электроника, тиббий асбоб, хавфсизлик тизимида фойдаланиш мумкин. Фақат интеграция жараёни узоқ вақт талаб этади.

Улкан аккумуляторли танкер яратилди

“ПоwерХ” стартапи тармоқдаги “сузувчи қувват банки” лақабини олган кема концепциясини тақдим этди.

Кема бортида энергия сақлаш тизими – 96 тагача улкан «батарея-қути” жойлашган. Батареялар 241 МВт/соатгача тоза энергияни сақлайди ва узоқ масофага таший олади.

“Сузувчи қувват банки”нинг асосий хусусияти: узунлиги 140 метр, бир сузишда 300 километрга яқин масофани босиб ўта олади.

Танкер ёрдамида японлар портга тоза энергия етказиб бермоқчи. Кема, айниқса, сейсмик фаоллик ва бошқа муаммолар туфайли ер ости ёки сув ости кабеллари орқали энергия етказиб бериш имкони бўлмаган ҳудудлар аҳолиси учун жуда қўл келади.

Барча аккумуляторлар Окаяма префектурасида ишлаб чиқарилади. Лозим бўлса, бортдаги батареялар сони кўпайтирилиши мумкин.

Биринчи танкернинг қурилишини

2025 йилгача якунлаш режалаштирилган

“Lamborghini Purixta” келажак суперкари ҳаммани ҳайратга солмоқда

Фойдаланувчилар пойга машинасининг кўринишидан мамнун. Янги суперкар сурати ижтимоий тармоқ ва мессенжерга тарқалиб бўлди.

“Lamborghini Purixta” унутилмас футуристик дизайнга эга бўлиб, оддий машиналарга эмас, балки илмий-фантастик фильмлардаги фазовий кемаларга ўхшайди.
Суперкар хусусияти:

“Purixta” кабинаси бир киши учун мўлжалланган, 700 от кучидан ортиқ қувватга эга В12 двигатели билан жиҳозланган, 3 сониядан камроқ вақт ичида 0 дан 95 км/соатгача тезлик олади, максимал тезлиги 320 км/соатдан ошади.
Суперкарнинг дизайни бурчакли, гарчи, барча асосий чизиқлар силлиқ бўлса ҳам. Бампердан тепагача чўзилган шаффоф олд панел “Lamborghini Purixta”нинг яна бир характерли деталидир.

Интернет материаллари асосида

Саидмурод Раҳимов тайёрлади.

ЎзА