Нукус шаҳрида Ўзбекистон Экологик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Ҳамзаев Абдушукур Худойқуловичнинг ишончли вакили Лейли Сеитованинг ҳудуддаги сайловчилар билан учрашуви бўлиб ўтди.
Партия электорати, маҳаллий Кенгаш депутатлари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этган учрашувда номзоднинг ишончли вакили сайловолди дастурнинг асосий йўналишлари билан таништирди. Номзоднинг сайловолди дастуридан ўрин олган Орол денгизининг ҳалокатли оқибатларини юмшатишга қаратилган инновацион лойиҳаларни амалга ошириш орқали Оролбўйи минтақасида экологик ва ижтимоий-иқтисодий вазиятни, аҳолининг яшаш шароитларини яхшилаш, шунингдек, Нукус, Бухоро, Урганч, Хива, Навоий, Мўйноқ каби аҳоли яшаш пунктлари атрофида “яшил белбоғлар” барпо этиш ишларини жадаллаштириш ҳамда мазкур ҳудудлардаги яшил истироҳат боғлари майдонларини кенгайтириш масалалари йиғилганлар томонидан ижобий қабул қилинди.
Сўзга чиққанлар номзоднинг сайловолди дастурини қўллаб-қувватлашларини таъкидлаб, барча сайловчиларни 9 июль куни бўлиб ўтадиган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида Ўзбекистон Экологик партиясидан номзод Ҳамзаев Абдушукур Худойқуловичга овоз беришга чорлади.
Арухан ИСМАЙЛОВА,
Ўзбекистон Экологик партияси
Нукус шаҳар Кенгаши раиси.
ЎзА