Миллий матбуот марказида “Ўзбекистон аккредитация маркази” ДУК томонидан “Ўзбекистонда аккредитация соҳаси ҳуқуқий асосларининг мустаҳкамланиши ва аккредитациянинг глобал савдо кўламини оширишдаги ўрни” мавзусида матбуот анжумани ташкил этилди ва унда бугунги кунга қадар амалга оширилган ишлар ва келгусидаги режалар ҳақида сўз юритилди.
2023 йил 27 февралда аккредитация соҳасини ҳар томонлама яхшилаш мақсадида қабул қилинган “Мувофиқликни баҳолаш органларини аккредитация қилиш тўғрисида»ги қонун тизимни янада такомиллаштиришда мустаҳкам асос бўлди. Ушбу қонун Ўзбекистоннинг жаҳон бозорида ўз ўрнини топишига кўмаклашади ва “Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган” белгиси остидаги маҳсулотларнинг экспорт бозорларига чиқишига имконият яратади.
2022 йилнинг кузида “Ўзбекистон аккредитация маркази” лабораториялар аккредитацияси бўйича халқаро ҳамкорлик – ILAC ва Халқаро аккредитация форуми – IAF каби нуфузли халқаро ташкилотлар билан кўп томонлама битимлар имзоланган.
2023 йил январь-май ойларида жами 167 та мувофиқликни баҳолаш органларида (МБО) инспекция назорати ўтказилиб, 105 та аккредитация гувоҳномалари тасдиқланган. 57 та аккредитация гувоҳномалари тўхтатилган ҳамда 5 таси тугатилган.
2023 йилнинг 1 июнь ҳолатига кўра, аккредитациядан ўтган мувофиқликни баҳолаш органлари сони 62 тани ташкил этади.
Насиба Элибекова, ЎзА