Жаҳон ҳамжамияти иқлим ўзгаришини инсоният олдида турган энг жиддий муаммолардан бири деб ҳисобламоқда. Чунки инсониятнинг тараққиётга эришиш йўлида табиатга нисбатан хўжасизларча муносабатда бўлиши атроф-муҳитдаги мувозанатнинг издан чиқишига сабаб бўлди. Бу эса қатор муаммоларни келтириб чиқармоқда.
Бу глобал муаммонинг салбий таъсирини юмшатишга бутун дунёда бўлгани каби Ўзбекистонда ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, аҳоли саломатлигини сақлаш, экологик хавфсизликни таъминлаш ишлари кун тартибидан жой олган. Иқлим ўзгаришларининг олдини олиш ва унга мослашиш бўйича қатор ишлар қилинмоқда.
Соҳага оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди. “Қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш тўғрисида”, “Гидрометеорология фаолияти тўғрисида»ги қонунлар қабул қилинди.
2030 йилгача Ўзбекистон Республикасининг атроф-муҳитни муҳофаза қилиш концепцияси, 2019-2030 йиллар даврида Ўзбекистон Республикасининг “яшил” иқтисодиётга ўтиш стратегияси қабул қилинди.
Мамлакатимиз ижтимоий-иқтисодий ривожланишида муҳим ўрин тутувчи “яшил иқтисодиёт”, “яшил энергетика”, “ақлли қишлоқ хўжалиги” тамойилларини амалиётга жорий этиш бўйича йирик лойиҳалар амалга оширилмоқда.
Тошкент давлат юридик университетида “Яшил иқлим” ва озиқ-овқат маҳсулотининг сифати ҳамда хавфсизлигини таъминлашнинг ҳуқуқий масалалари” мавзусида ўтказилган халқаро илмий-амалий конференцияда шу ҳақда сўз юритилди.
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш масалалари қўмитаси томонидан Тошкент давлат юридик университетининг экология ҳуқуқи кафедраси билан ҳамкорликда ташкил этилган тадбирда депутатлар, профессор-ўқитувчилар, докторант ва изланувчилар, тегишли вазирлик ва идоралар молия-иқтисод бошқармалари ходимлари, юртимизда фаолият олиб бораётган халқаро ташкилотлар, молия институтлари вакиллари ҳамда ОАВ ходимлари иштирок этди.
Конференцияда мамлакат иқтисодиётида иқлимий молиялаштириш механизмлари, хусусан суғурта бозорида иқлимий хавфларни суғурталаш институтини ишлаб чиқиш ҳамда уларни амалиётга жорий этиш муҳим аҳамият касб этиши қайд этилди.
Ўзбекистон Париж Битимини ратификация қилган жаҳон ҳамжамиятининг тенг ҳуқуқли аъзоси сифатида олинган мажбуриятларни амалга ошириш мақсадида барча ташкилий-ҳуқуқий асослар ишлаб чиқилган.
Хусусан, ваколатли давлат органи Экология, атроф муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгаришлари вазирлиги деб қайта номлангани ҳамда вазирликка соҳа бўйича қатор қўшимча ваколатларнинг берилгани, соҳага оид янги норматив-ҳуқуқий асосларнинг қабул қилиниши бунга яққол мисолдир.
Халқаро ташкилотлар ва молия институтлари вакиллари томонидан “Яшил иқлим” жамғармаси томонидан молиялаштирилаётган янги лойиҳа доирасида БМТ Тараққиёт дастури кўмаги билан Ўзбекистон ўз миллий мослашув режасини ишлаб чиқаётганлиги маълумот тариқасида тақдим этилди.
Мазкур лойиҳа қишлоқ ва сув хўжалиги, соғлиқни сақлаш, бинолар сектори ва экстремал иқлим ҳодисаларини фавқулодда бошқариш каби муҳим тармоқларда иқлим ўзгаришига мослашиш бўйича аниқ қарорлар қабул қилиш жараёни самарадорлигини оширади. Шунингдек, иқлим ўзгаришига нисбатан энг заиф ҳисобланган Оролбўйи минтақаларида жойлашган ҳудудларни ривожлантиришга ёрдам беради.
Тадбирда иқлим ўзгаришларининг олдини олиш ва унга мослашиш учун қатор чора-тадбирларни амалга ошириш зарурлиги қайд этилди. Хусусан, иссиқхона газларини камайтириш, ишлаб чиқариш ва транспортда экологик тоза технологияларни қўллаш, кўкаламзорлаштириш ишларини амалга ошириш керак. Табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш, “яшил” иқтисодиётни ривожлантириш ҳамда қайта тикланувчи энергетика соҳасини ривожлантириш мақсадга мувофиқ.
Конференция якунида тегишли таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди.
Н.Абдураимова, ЎзА