Туркия Президенти Режеп Таййип Эрдоған республика Марказий банкининг янги раҳбари этиб Ҳафизе Гайе Эрканни тайинлади. Бу ҳақдаги Фармон “Resmi Gazete” нашрида эълон қилинди.
Марказий банкнинг собиқ раҳбари Шаҳоп Кавжиўғлу бундан буён банк фаолиятини тартибга солиш ва назорат қилиш кенгашига раҳбарлик қилади.
Ҳафизе мамлакат Марказий банкини бошқарадиган илк аёлга айланди. У Принстон университетида молия мутахассислиги бўйича докторлик диссертациясини ёқлаган, Гарвард ва Стэнфорд университетларида молия соҳасида қўшимча таълим олган. “Goldman Sachs” инвестиция банкида ишлаган, “First Republic Bank” бошқаруви аъзоси бўлган.
Маҳаллий матбуот ёзишича, Эрканнинг тайинланиши янги молия вазири Меҳмет Шимшек билан боғлиқ бўлиши мумкин. Унга мамлакат иқтисодиётида тартиб ўрнатиш вазифаси топширилган.