Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университетида Ўзбекистон Республикаси мудофаасига кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилоти Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши томонидан спортнинг техник ва амалий турлари оммабоплигини таъминлаш мақсадида “Ватанпарвар” ташкилоти менинг тақдиримда” шиори остида фестиваль ўтказилди.

Тадбирда мамлакатимизда демократик ислоҳотларни чуқурлаштириш жараёнларида ёшларнинг фаол иштирокини таъминлаш, юксак маънавиятли, мустақил ва эркин фикрлайдиган, соғлом эътиқодли, ҳар томонлама баркамол авлодни вояга етказишга қаратилган ёшларга оид давлат сиёсатини изчил амалга оширишга алоҳида эътибор берилаётганлиги таъкидланди.

“Ватанпарвар” ташкилоти фаолияти, унинг ривожланиш йўналишлари, юртимиз ижтимоий ҳаётида тутган ўрни ҳақида батафсил маълумот берилди. Болалар, ўсмирлар ва ёшлар ташкилот тизимида мавжуд спортнинг техник ва амалий турлари бўлган ўқ отиш, ёзги биатлон, картинг, автоспорт, авиамодель, парашют ва бошқа турлари бўйича секция ҳамда тўгаракларнинг фаолияти билан  таништирилди.

Тадбир иштирокчиларига “Ватанпарвар” ташкилоти Қорақалпоғистон Республикаси Кенгашида мавжуд ўқув автомобиллари, спорт секциялари ва улардаги замонавий техникалар намойиш этилди.

Довуд АБИБУЛЛАЕВ, Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ (сурат), ЎзА