Вазирлар Маҳкамаси “2023 йил ҳосилидан буғдой харид қилиш ва ички бозорда нархлар барқарорлигини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида” қарор қабул қилди.
Унга кўра, ички бозорни буғдой ва ун маҳсулотлари билан узлуксиз таъминлаш ҳамда нархларни барқарорлаштириш учун 2023 йилда суғориладиган майдонларнинг ҳар гектаридан ўртача 2,5 тоннадан, жами 2 млн 565 минг тонна буғдой, жумладан:
1 млн 283 минг тонна товар буғдой давлат ресурси сифатида;
240 минг 450 тонна уруғлик буғдой эса Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Қишлоқ хўжалигини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан харид қилинади.
1 млн 41 минг 550 тонна товар буғдой фермер хўжаликлари ҳамда бошқа буғдой етиштирувчилар томонидан кейинчалик биржа савдолари орқали сотиш учун Жамғарманинг тижорат вакили томонидан вақтинча сақлаш учун қабул қилинади.
“Ўздонмаҳсулот” АК тизимидаги корхоналар ва буғдойни сақлаш қувватига эга бўлган тадбиркорлик субъектлари Жамғарма номидан буғдой етиштирувчилардан товар буғдойни сотиб олиш, қабул қилиш ва сақлаш, шунингдек, харидорларга юклаб жўнатиш ишларини амалга ошириш бўйича тижорат вакили ҳисобланади.
Буғдой етиштирувчилар томонидан вақтинча сақлашга қабул қилинадиган 5 ва ундан юқори синфлардаги товар буғдой барча тадбиркорлик субъектларига биржа савдолари орқали чекловларсиз сотилади.
ЎзА