Қозоғистон пойтахтида “Мулоқот орқали қийинчиликларни енгиш: ҳамкорлик, ривожланиш ва тараққиёт йўлида” шиори остида Астана халқаро форуми ўз ишини бошлади.

Анжуманда қатор мамлакатларнинг давлат ва ҳукумат етакчилари, халқаро ташкилотлар ва йирик компаниялар раҳбарлари, таниқли сиёсий арбоблар, эксперт доиралари вакиллари иштирок этмоқда. 300 дан ортиқ чет эл делегатлари орасида Халқаро валюта жамғармаси, Жаҳон савдо ташкилоти, Европа тикланиш ва тараққиёт банки, Осиё тараққиёт банки, ЕХҲТ, ЮНЕСКО каби тузиилмалар раҳбарлари бор.

Тадбир барча манфаатдор томонларни яқин мулоқотга чақиради, биргаликда тўрт асосий йўналиш – ташқи сиёсат ва халқаро хавфсизлик, халқаро ривожланиш ва барқарорлик, энергетика ва иқлим ўзгариши, иқтисодиёт ва молия бўйича глобал муаммоларни аниқ, самарали ҳал этишга таклиф қилади.

Стратегик ҳамкор – Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, бош медиа-шерик эса “CNN” телеканали. Айрим сессиялар “Euronews”, БМТ Тараққиёт дастури, “UNECE”, “EcoJer” ассоциацияси, “ASMAR” аёл тадбиркорлар халқаро конгресси, Халқаро “Астана” Молия маркази қўллаб-қувватлови билан уюштирилди. Анжуман хорижий ҳукуматлар, халқаро ташкилотлар, бизнес ва илмий доиралар юқори мартабали делегатлари ўртасида иқлим ўзгариши, озиқ-овқат тақчиллиги ва энергия хавфсизлиги муаммоларини ҳал этиш йўлларини муҳокама этиш учун мулоқот майдонига айланди.

Нуфузли тадбирда нутқ сўзлаган Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тоқаев форумнинг мақсади, вазифаларини ифодалаб берди.

– Сизларни Астана халқаро форумида қутлашдан беҳад хурсандман, – деди давлат раҳбари. – Бу ерда бутун дунёдан дўстларимиз, ҳамкасбларимиз, ҳукуматлар, дипломатия, бизнес ва илмий доиралар вакиллари йиғилган. Махсус меҳмонларимиз – Қатар Амири, Қирғизистон Президенти, Босния ва Герцеговина Президиуми раиси, Ўзбекистон Бош вазири ва бошқа ҳурматли иштирокчиларга самимий миннатдорлигимни билдирмоқчиман. Биз билан ҳамкорлик қилишга қарор қилганингиз биз учун катта шараф. Бу жараёнда глобал иқтисодий вазият ва минтақавий шериклик бўйича самарали фикр алмашилади, деб умид қиламан.

Қозоғистон етакчиси маърузасида, жумладан, Орол денгизи ва сув билан боғлиқ умумий муаммога алоҳида тўхталди:

– Минтақадаги икки йирик дарё – Сирдарё ва Амударёнинг сув сатҳи 2050 йилга бориб 15 фоиз пасаяди. Биз бу минтақавий офатнинг олдини олиш мақсадида Халқаро Оролни асраш жамғармасини қўллаб-қувватлаш учун кўпроқ маблағ ажратишга чақирамиз. Сув ва иқлим ўзгариши бир-бири билан чамбарчас боғлиқ. Марказий Осиё сув хавфсизлиги масаласини фақат яқин ҳамкорликни йўлга қўйиш, қўшма самарали чора-тадбирлар амалга ошириш орқали ҳал этиш мумкин бўлган минтақа.

Анжуман давом этяпти.

Шарофиддин Тўлаганов,

ЎзА