Мамлакатимизда муддатидан илгари бўлиб ўтадиган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини кузатиш мақсадида хорижий кузатувчилар иш олиб бормоқда.
Бугун Марказий сайлов комиссиясида ЕХҲТ ДИИҲБнинг муддатидан илгари бўлиб ўтадиган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини кузатиш бўйича миссиясининг асосий гуруҳ вакиллари билан учрашув бўлиб ўтди. Унда МСК Раиси З.Низомхўжаев, миссия раҳбари, элчи Урсула Юзефа Гачек, унинг ўринбосари Аликсий Личковах ҳамда миссия экспертлари Анна Меликян ва Маша Янушевичлар билан мулоқот олиб борди.
Учрашув чоғида Марказий сайлов комиссияси раиси З.Низомхўжаев Президент сайловига ҳозирлик кўриш борасидаги жараёнлар ҳақида маълумот берар экан, шу кунларда сайлов кампанияси тобора қизғин паллага кириб бораётгани, бу масъулиятли жараён Марказий сайлов комиссияси томонидан Сайлов кодексида белгиланган тартибларга биноан изчиллик билан мувофиқлаштириб борилаётганини таъкидлаб ўтди.
Жумладан, муддатидан илгари Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказиш бўйича Календарь режасига мувофиқ сайловларни ўтказувчи 14 та округ ва 10 минг 783 та участка сайлов комиссиялари шакллантирилганлиги қайд этилди. Шунингдек, Марказий сайлов комиссиясининг Матбуот маркази ва тезкор ахборот маркази фаолияти йўлга қўйилгани, бугунги кунга қадар 299 нафар оммавий ахборот воситалари вакиллари аккредитациядан ўтказилганлиги ва ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда бошқа қатор ишлар амалга оширилаётгани таъкидланди.Шунингдек, сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича амалга оширилаётган ишларга ошкоралик бериш мақсадида тадбирларнинг тартиби, босқичлари ва муддатлари ҳақидаги ахборотлар энг аввало, сайловчиларга ҳамда сиёсий партияларга Марказий сайлов комиссиясининг расмий веб-сайти ва бошқа оммавий ахборот воситалари орқали тезкорлик билан етказилаётгани хусусида сўз юритилди.
Учрашувда ЕХҲТ ДИИҲБнинг Ўзбекистонда ўтказилган сайловларни кузатиш миссияларининг хулосалари бўйича ҳисоботларидаги тавсияларни миллий қонунчилигимизга ва амалиётимизга имплементация қилиш, сайловларга оид ҳуқуқий базани такомиллаштириш борасида олиб борилаётган ишларга алоҳида тўхталиб ўтилди.
Миссия раҳбари элчи Урсула Юзефа Гачек таъкидлаганидек, ДИИҲБ миссиясининг асосий гуруҳ вакиллари тажрибали экспертлардан, шу жумладан, сиёсий, ҳуқуқий, медиа ҳамда сайлов соҳасидаги таҳлилчилар, ДИИҲБ ходимлари ва маслаҳатчиларидан иборат бўлади. Шунингдек, асосий гуруҳ экспертларидан ташқари миссия таркибига узоқ муддатли кузатувчилар ҳам қўшилишини маълум қилди.
Муҳтарама Комилова, ЎзА