Қорақалпоғистон ўзининг олижаноб халқи, қадимий урф-одатлари ва соҳроси гўзаллиги билан минг йиллар давомида яшнаб келаётган макон сифатида ажралиб туради. Ҳудуднинг туризмбоп ёдгорликлари, тарихий ва маданий мерос объектлари айни пайтда дунёни ўзига жалб этмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига Мурожаатномасида “Қорақалпоғистоннинг ютуғи – бутун Ўзбекистоннинг ютуғи, Қорақалпоғистоннинг ташвиши – бутун Ўзбекистоннинг ташвиши”, деган пурмаъно сўзлари юксак ғоя сифатида ҳамиша амалий ҳаракат дастури бўлиб, қорақалпоғистонлик ёшларни тўлқинлантириб юборди.
“Бизнинг эзгу мақсадимиз – биргаликдаги меҳнатимиз билан Янги Ўзбекистонда ҳар томонлама ривожланган, обод ва фаровон Янги Қорақалпоғистонни бунёд этишдир”, деган сўзлари қорақалпоқ халқига янгича қараш, умид ва келажакка катта ишончни бахш этди.
Бугун қорақалпоғистонликлар давлатимиз раҳбарининг алоҳида меҳри ва самимий эътибори туфайли ҳар галгидан ўзгача кўтаринки кайфиятда. Юрт чирой очмоқда, меҳмонларга бой серфайз масканга айланмоқда. У ерда олиб борилаётган жадал ижтимоий-иқтисодий, фан ва таълим соҳаларидаги ислоҳотлар барчага бирдек манзур бўлмоқда.
Айни пайтда Қорақалпоғистонда давлат дастурига асосан бошланғич синфлар учун тушлик бепул ташкил қилинган, фарзандларимиз ёрқин ва шинам мактабларда ўқимоқда, уларга барча шароит мужассам. Бундан ташқари, кўплаб олий таълим муассасаларининг филиаллари очилиб, аҳолининг узоғи яқин, оғири енгил қилинмоқда. Болалар ота-онаси бағрида таҳсил олиши эса, ҳам маънавий мадад, ҳам рўзғор учун иқтисодий тежам бўлиб хизмат қилмоқда.
Ҳудудда туризмига қаратилган кучли эътибор ва сармоявий дастурлар, тарғиботу ташвиқотлар амалга оширилаётгани кенг кўламли ислоҳотларга монанд равишда натижаларини кўрсата бошлади.
Бугунги ислоҳотлар жадал суръати, кўлами ва таронаси минг асрки эт ва тирноқ каби бир оила бўлиб яшаб келаётган халқларимизнинг оқибатлилиги, дўстлигига ҳеч бир ташқи куч рахна сололмаслигини амалда исботлади. Ахир сарҳадларимиз, нону тузимиз, мақсадимиз бир бутун.
Айни пайтда ягона Ватан ғояси остида ёшларимиз ақл ва интеллектуал салоҳият билан бирлашди. Жумладан, ўз юрти тақдирини ўзи яратиши кераклигини, ўзи яшаётган ўлкани обод қилишга ҳозирдан ҳисса қўшиш кераклиги, эртага кеч бўлишини тушуниб етди.
Ҳаётий қилиб айтганда, муҳтарам Президент томонидан ажратилаётган салмоқли сармояларни қаерга тикиш, ундан қандай доромад олиш ва глобаллашув шароитида ахборот технологиялари имкониятидан кенг фойдаланиш лозимлигини англаб етди.
Хусусан, қисқа вақт ичида Қорақалпоғистоннинг туризм инфратузилмасини, Қирқ қиз, Элликқалъа, Миздакхан каби кўплаб археологик ёдгорликлар, Ақчакўл, Қоратеран каби жозибадор кўлларни туризм объекти рўйхатига киритиш стратегияси ишлаб чиқилди.
Таъкидлаш жоизки, 2022 йилда Қорақалпоғистонда 2021 йилга нисбатан сайёҳлар сони 2 баробар ошиб, 50 минг нафарга етгани қайд этилган. Жорий йилда 110 мингга етиши кутилмоқда. Ҳудуд учун ички сайёҳлар оқими ҳам муҳим аҳамият касб этиб, 2021 йилга нисбатан 3 баробар ўсиб, 600 минг нафарни кўрсатмоқда. Йил якунига қадар 663 минг нафар сайёҳ ташриф буюриши кутилмоқда.
Ўтган даврга мурожаат қиладиган бўлсак, 2016 йилда Қорақалпоғистонда бор-йўғи 18 та туризм инфратузилмаси фаолият юритган бўлиб, айни пайтда бу 94 тага етди ва кўрсаткич 5 баробарга ошганини кўрсатади. Сарҳисоб қиладиган бўлсак, ҳозирда 28 та меҳмонхона, 43 та оилавий меҳмон уйи, 23 та туристик «Hotel» бор. Улардаги ўринлар сони 2 мингтани ташкил этади. 54 та туроператор ва турагент маҳаллий ва хорижий сайёҳларга маиший хизмат кўрсатмоқда.
Олиб борилган тадқиқотларга кўра, Қорақалпоғистонда 288 та маданий мерос ва зиёрат объекти рўйхатдан ўтказилган. Шундан 131 таси археологик объект, 24 таси архитектура объекти, 88 таси монументал объект ва 45 таси диққатга сазовор ва глобал тармоқларда реклама қилишга арзийдиган масканлардир. Шу мақсадда айни пайтда 40 дан зиёд маданий-мерос объекти туризм йўналишларига киритилгани ҳудудда сайёҳлар оқими жадал ошишига замин бўлмоқда.
Давлат дастурларига асосан Қорақалпоғистонга сайёҳларни янада кўпроқ жалб этиш мақсадида мунтазам равишда Наврўз, миллий от ўйинлари, “Стихия”, “Орол балиқларидан 99 турли таом”, “Мўйноқ ва Оролнинг қайта тикланиши”, “Мўйноқ ралли” каби тадбирлар ўтказилмоқда.
Таъкидлаш жоизки, Тошкент давлат иқтисодиёт университетида ректор бошчилигидаги тадқиқотчилар гуруҳи тарихий, археологик объектларни лойиҳалаштириш ва глобал тармоққа жойлаш ишлари бўйича фаол саъй-ҳаракат олиб бормоқда.
Бу илмий тадқиқотлар янги туризм инфратузилмалари барпо этилиши ва Қорақалпоғистоннинг иқтисодий барқарорлигига хизмат қилиши шубҳасиз.
Хўжайли ва Элликқалъа ҳудудларида туризм салоҳиятини ошириш ва маданий-мерос объектларини тарғиб қилиш мақсадида Тошкент давлат иқтисодиёт университети жамоаси мутасаддилар билан ҳудудда тадқиқот ишларини давом эттирмоқда.
Алоҳида қайд этиш жоизки, тарихий қалъаларни қайта таъмирлаш ва инфратузилмага киритиш учун давлатимиз раҳбари ташаббуси билан 10 миллиард маблағ эвазига Ақчакўл соҳилларида ташкил этилган 600 метрлик пляж, 200 ўринлик меҳмонхона сайёҳлар учун хизмат қилмоқда.
Мазкур туризм тадқиқотларида «Янги Ўзбекистонни биргаликда қурамиз!» шиори остида ўтказилаётган “Саҳро садоси” ёшлар фестивали муҳим аҳамият касб этди.
Университет томонидан ташкил этилган фестиваль мамлакатимиз, шу жумладан, Қорақалпоғистоннинг туристик салоҳиятини оширишда муҳим жозибадорлик касб этди.
Шунингдек, Ақчакўл, Аёзқалъа, “Ёшлар” оромгоҳи каби масканларда кўтаринки руҳда старт берилган “Саҳро садоси” фестивали доирасида ёшлар ўзларининг иқтидорини намойиш этишди.
“Саҳро садоси” фестивали нафақат юртимиз, балки хорижликлар томонидан ҳам катта ҳаяжон ва завқу шавқ билан кузатиб борилди. Фестиваль доирасида туризмга оид илмий-амалий конференциялар, кўргазмалар ва тақдимотлар, халқ ўйинлари билан уйғунлаштирилган спорт мусобақалари ўтказилди. Халқ қўшиқлари куйланиб, ажойиб рақслар, қизиқарли воқеалар ва ёрқин хотираларга бой бўлди.
Фестиваль нафақат туризм инфратузилмалари салоҳиятини ошириш, янгидан-янги иш ўринларини яратиш, балки ёшлар ўртасида ижод, маданият ва санъат, спортни ривожлантириш, талабалар, битирувчилар ҳамда уюшмаган ёшларнинг жамиятда муносиб ўрин топишида кўмаклашишга замин бўлди.
Фестивалда Тошкент давлат иқтисодиёт университети вакиллари илғор ташаббусларини амалда татбиқ этган ҳолда Элликқалъа туманига ҳам ташриф буюрди. Фестиваль доирасида ёшлар Аёзқалъага бориб, саҳро жозибасидан баҳра олдилар. Ақчакўлдаги Амфитеатр очилиш маросимида Нукус давлат педагогика университети талабалари ҳам ўз чиқишлари билан иштирок этди.
“Саҳро садоси” ёшлар фестивали доирасида “Заковат” интеллектуал ўйини, миллий ўйинлар, қорақалпоқ таомлари чемпионати, куй-қўшиқлар, расм чизиш, сувда ва қуруқликда футбол ва бошқа кўплаб беллашувлар ўтказилди.
Тадбирларда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ва Элликқалъа тумани ҳокимлиги вакиллари ҳамроҳлигида Меҳрибонлик уйларига ташриф буюрилди.
“Саҳро садоси” фестивали жозибаси туфайли ҳудудда барпо этилаётган улкан туризм инфратузилмаларига янгича қиёфа, улкан мақсад ва умумбашарий дўстлик уруғлари сепилгандек бўлди.
Фестиваль нафақат юртимиздаги, балки хориждаги туризмга ихлосманд ёшларни бир нуқтада бирлаштира олди, яқин келажакда Қорақалпоғистонда туризм соҳасида Қорақалпоқ “осмон режими” ташкил этилиб, инсониятнинг бебаҳо қадриятлари бўлмиш археологик ёдгорликлар жаҳонга кенг тарғиб этилишига, сайёҳлар оқими кўпайишига олиб келувчи амалий қадам бўлди.
Шерзод ҚУРБОНОВ,
Тошкент давлат иқтисодиёт университети ходими.
ЎзА