Қорақалпоғистон Республикаси Қонликўл тумани тиббиёт бирлашмаси шифокор ва ҳамшираларидан иборат 16 нафар ходимнинг Нукус шаҳрида малака оширганлик бўйича кунлик, айрим ходимларнинг йўл ҳақи ва яшаш харажатлари қоплаб берилмаётганлиги тўғрисидаги мурожаати ўрганилди.

–Тегишли мансабдор шахслар томонидан ходимнинг малака ошириши, хизмат сафари харажатлари ҳисобланмаслиги, шу билан бирга ходимларнинг малака ошириши уларнинг ўзлари учун амалга оширилаётганлиги ва малакасини оширмаган ходимларга нисбатан кўпроқ иш ҳақи олганлиги билан манфаатдор бўлишларини таъкидлашди, – дейди Қонликўл тумани адлия бўлими бошлиғи Асилбек Искендеров. – Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 4 апрелдаги “Тиббиёт ходимларининг малакасини ошириш ва уларни қайта тайёрлаш тизимини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” ги қарорининг 7-банди иккинчи хатбошисида – асосий ишидан ажралган ҳолда тиббиёт ходимлари малакасини ошириш курсига юборилган бошқа шаҳарлик тингловчиларга ўқиш жойига бир марта келиш ва кетиш, шунингдек, юборувчи томон ҳисобига яшаш харажатлари қонунчиликда белгиланган тартибда қопланиши қайд этилган.

Юқоридагиларга асосан, ходимларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мақсадида фуқаролик ишлари бўйича судга даъво аризаси киритилиши натижасида мурожаат муаллифларига тегишли 40 миллион сўмга яқин хизмат сафари харажати қопланди.

Довуд АБИБУЛЛАЕВ, ЎзА мухбири