Юртимизда муддатидан илгари бўлиб ўтадиган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида очиқлик ва ошкоралик қай даражада таъминланади? Ушбу сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш жараёнларида оммавий ахборот воситаларининг иштироки қандай бўлади?

Таъкидлаш жоизки, сайлов жараёнларида очиқлик, ошкоралик ҳамда шаффофлик таъминланишида ОАВ вакилларининг иштироки жуда муҳим. Зеро, оммавий ахборот воситаларида фуқароларга, сайловчиларга ушбу тадбирга ҳозирлик кўриш жараёнлари ҳақида батафсил маълумот ва ахборотлар бериб борилади.

Миллий сайлов қонунчилигимизда, хусусан, Сайлов кодексида сайловга тайёргарлик кўриш ҳамда уни ўтказишдаги очиқлик ва ошкоралик борасида кўрсатиб ўтилган. Жумладан, оммавий ахборот воситалари сайловга тайёргарликнинг боришини ва сайлов қандай ўтаётганлигини ёритиб бориши, сайлов комиссияларининг қарорлари оммавий ахборот воситаларида эълон қилиниши белгиланган.

Бундан ташқари, сайловга тайёргарлик кўриш ҳамда уни ўтказишга доир барча тадбирларда, шунингдек, сайлов куни овоз бериш хоналарида ва овозларни санаб чиқишда номзод кўрсатган сиёсий партиялардан, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларидан кузатувчилар, оммавий ахборот воситалари вакиллари, бошқа давлатлардан, халқаро ташкилотлардан кузатувчилар иштирок этиш ҳуқуқига эга.

Айни пайтда қизғин паллага кириб бораётган сайлов кампаниясида ОАВ вакиллари ҳам ушбу жараёнларни фаол ёритиши учун барча шароит ва кенг имкониятлар яратилмоқда. Хусусан, Марказий сайлов комиссияси ҳузурида Президент сайловини ёритиш бўйича Матбуот маркази ишга тушди. Маҳаллий ва хорижий оммавий ахборот воситалари вакиллари аккредитациядан ўтказилмоқда.

– Мамлакатимизда бўлиб ўтадиган муҳим сиёсий тадбирни кенг ёритиш мақсадида Марказий сайлов комиссияси томонидан оммавий ахборот воситалари вакиллари аккредитациядан ўтказилмоқда, – дейди Марказий сайлов комиссияси матбуот хизмати раҳбари Муродилла Алимбоев. – Бугунги кунда Марказий сайлов комиссияси томонидан маҳаллий оммавий ахборот воситаларидан жами 229 нафар вакил аккредитациядан ўтказилди. Жумладан, 3 та телерадиоканал, 35 та босма ОАВ, 13 та интернет нашри ҳамда 1 та ахборот агентлигининг вакиллари аккредитациядан ўтказилди. Марказий сайлов комиссияси томонидан ОАВ вакилларини аккредитациядан ўтказиш бўйича ҳужжатларни қабул қилиш ишлари давом этмоқда. ОАВ вакилларини аккредитациядан ўтказиш тўғрисидаги аризалар 2023 йил 28 июнь соат 18:00 га қадар қабул қилинади.

Дарҳақиқат, жорий йил 9 июлда бўлиб ўтадиган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида очиқлик ва ошкораликни, ОАВ вакилларининг фаол иштирокини таъминлаш борасида зарур чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Ушбу сиёсий тадбир мамлакатимизнинг истиқболдаги ижтимоий-иқтисодий ривожланишида долзарб аҳамият касб этар экан, уни муносиб тарзда, очиқ ва шаффоф ўтказиш муҳим.


Муҳтарама Комилова, ЎзА