АҚШнинг Нью-Йорк шаҳри Канададаги ўрмон ёнғини тутуни тўпланиб қолгани сабабли дунёдаги ҳаво сифати энг ёмон шаҳарлар орасида биринчи ўринга кўтарилди, дейилади “NBS News” телеканали тарқатган хабарда. Канада ўрмонларида юз берган йирик ёнғинлар тутуни АҚШнинг шарқий қисмини қоплаган, ўткир ҳаво осмонни тўқ сариқ рангга айлантирган.

Муниципал маъмурият 16 штатдаги 128 миллионга яқин одамни ўрмон ёнғини туфайли ҳаво сифати ёмонлашиши мумкинлигидан огоҳлантирди, уларга уйда қолиш тавсия этилмоқда.

Чоршанба куни Нью-Йорк губернатори Кети Хочул ҳавога салбий таъсир этаётган мазкур ҳолатни “соғлиқни сақлаш ва экология соҳаси инқирози”, деб атади ва барчадан ушбу масалага жиддий ёндашишни сўради.

Миллий об-ҳаво хизмати маълумотига кўра, ҳаводаги зарарли моддаларнинг юқори даражаси Нью-Йорк штатининг асосий ҳудудларида ҳафта охиригача сақланиб қолади.

Одатда ҳаво сифати индекси 50 атрофида бўлади. Бинобарин, чоршанба куни Бруклинда бу кўрсаткич 413, Квинсда 407 га чиқди. Вашингтон ва Бостон шаҳарларида ҳам ҳаво жуда ифлосланган, Филаделфия (Пенсильвания)да эса хавфли “қизил код” жорий этилди.

Расмий маълумотга кўра, Канадада кеча 414 марта ўрмон ёнғини қайд этилди. Хавфли ҳудудлардан 20 минг киши кўчирилган. Умуман, жорий йил Канада ўрмонларида 2 200 дан кўп ёнғин содир бўлиб, тахминан 3,8 миллион гектар жой кулга айланган.


С.Раҳимов, ЎзА