Мамлакатимизда ер ва кадастр назорат ишларини олиб бориш йўналишида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Кадастр агентлигининг Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси бошлиғи Исатай Тлеуов билан шу ҳақда суҳбатлашдик.
– Давлатимиз раҳбарининг 2023 йил 30 мартдаги Қорақалпоғистон Республикасига ташрифи давомида айнан Қорақалпоғистондаги ҳуқуқий ҳужжатларга эга бўлмаган 46 мингдан ортиқ уй-жойларнинг кадастр ҳужжатларини расмийлаштириш ва давлат рўйхатидан ўтказиш юзасидан топшириқ берилган эди, – дейди Исатай Тлеуов. – Давлат кадастрлари палатаси Қорақалпоғистон Республикаси тизим ходимлари томонидан шаҳар ва туманларда уйма-уй хатлов ўтказиш ишлари олиб борилди. Аниқланган 46 минг 842 та уй-жойга ҳуқуқи мавжуд бўлмаган мулк эгаларига Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги билан ҳамкорликда мулк ҳуқуқини эътироф этиш бўйича лойиҳа тайёрлаш ишлари олиб борилмоқда. Унда кўчмас мулкнинг жойлашган ер тури ва манзиллари, шунингдек, иморат қурилган йиллар ҳам инобатга олинади. 46 минг 842 та объект ичида турар жойлар, нотурар жойлар ва ер участкалари ҳам мавжуд. Ҳозирда юқорида таъкидлаб ўтилган мулк эгаларига мулкига эгалик қилиш ҳуқуқини бериш тартиби ишлаб чиқилмоқда.
– Ушбу ташриф давомида Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятларида ер майдонларини хатловдан ўтказиш масаласи ҳам айтилган эди. Шу ҳақда тўхталиб ўтсангиз.
– Қишлоқ хўжалигидаги суғориладиган ер майдонларида ўтказилаётган хатлов ишларига Кадастр агентлиги ва Давлат кадастрлари палатаси Қорақалпоғистон Республикаси бошқармалари, шунингдек, Республика Аэрогеодезия маркази Қорақалпоғистон Республикаси бўлими ходимларидан иборат ишчи гуруҳ тузилган. Амалга оширилаётган ишларнинг самарадорлигини ошириш ва ер майдонларининг аниқ ўлчовларини олиш мақсадида вилоятлардан жами 25 ходим геодезик техникалар билан жалб қилинган. Шунингдек, ер ресурсларидан оқилона ва самарали фойдаланиш, ундан фойдаланувчилар ва суғориладиган экин ер майдонларининг аниқ ҳисобини олиш мақсадида олиб борилаётган хатлов ишларида сўнгги технологиялардан фойдаланилмоқда.
Қорақалпоғистон Республикасининг жами ер майдони 16 656 123 гектар бўлиб, шундан ер ҳисоботи бўйича 414,9 минг гектар суғориладиган экин ер майдонлари хатловдан ўтказилди. Бугунги кунда сув фонди ерларида вилоятлардан келган мутахассислар билан биргаликда хатлов ишлари давом этмоқда.
– Сўнгги йилларда кадастр соҳасига оид кўплаб ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди. Улар асосида соҳада қандай ўзгаришлар бўлди?
– Дарҳақиқат, охирги йилларда кадастр соҳасига оид кўплаб ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди. Шуни алоҳида таъкидлаб ўтишим керак, қабул қилинаётган меъёрий ҳуқуқий ҳужжатларда Қорақалпоғистон Республикасига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Биргина мисол, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 31 августда “Қорақалпоғистон Республикасида тадбиркорлик, инновацион технологиялар ва инфратузилмаларни жадал суръатларда ривожлантириш орқали аҳоли фаровонлигини оширишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида» ги фармони қабул қилинди. Ушбу фармон билан биринчи босқичда (2022-2023 йилларда) Қорақалпоғистон Республикасида, иккинчи босқичда (2023-2024 йилларда) қолган ҳудудларда аҳоли хонадонлари маҳаллабай таҳлил қилинади. Уй-жойга эгалик ҳуқуқини тасдиқловчи кадастр ҳужжатига эга бўлмаган хонадонларнинг электрон рўйхатини шакллантириш ва А-380 халқаро автомагистралининг хавфсизлик минтақасидан ташқаридаги, йўл бўйича ўрмон хўжалиги фондидаги ер майдонларининг туман (шаҳар) захира ер фондига қайтарилиши белгиланган. Мазкур фармонда кўрсатилган режаларга кўра, Қорақалпоғистон Республикасида уй-жойга эгалик ҳуқуқини тасдиқловчи кадастр ҳужжатига эга бўлмаган хонадонларнинг электрон рўйхати шакллантирилди. Жорий йилда 723 та ер участкаси уй-жой қуриш мақсадида электрон онлайн-аукционга чиқарилди. Шунингдек, А-380 халқаро автомагистралининг хавфсизлик минтақасидан ташқаридаги йўл бўйича ўрмон хўжалиги фондидаги ер майдонлари туман (шаҳар) захира ер фондига қайтарилди.
Йўл бўйи инфратузилмасини ривожлантириш, жумладан, савдо ва сервис объектларини жойлаштириш мақсадида мазкур ер майдонларини онлайн-аукционга чиқариш бўйича ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда ишлар амалга оширилмоқда.
Бугунги кунда Кадастр агентлиги Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси томонидан шу кунга қадар жами 555 та (467,6 га) қонун бузилиш ҳолатлари аниқланди. Шундан 316 та ҳолатни (100,2 га) бартараф этдик. Шу билан бирга, 239 та ҳолатни (367,4 га) бартараф этиш чораларини кўрмоқдамиз. Шунингдек, ер қонун бузишлари юзасидан 92 та ҳолатда суд жараёнлари давом этмоқда. 19 та ҳолатни жиноят аломатлари борлиги учун прокуратура органларига тақдим этганмиз.
– Ер қонун бузилиш ҳолатларининг олдини олиш борасида нималарга кўпроқ эътибор берилмоқда?
– Ер қонун бузилиш ҳолатларини бартараф этишда ва фуқароларимизга ўзбошимчалик билан ер эгаллаш ноқонуний эканини тушунтириш учун жойларда келишилган режа асосида сайёр қабуллар ва фуқаролар билан мунтазам учрашувлар ташкил қиляпмиз. Шунингдек, оммавий ахборот воситалари билан биргаликда қонун бузилиши кўп кузатилган ҳудудларда ўрганишлар олиб боряпмиз.
Ер қонун бузилиш ҳолатларининг олдини олишда Кадастр агентлиги қонун ҳужжатларда белгиланган тарзда яъни Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 21 февралдаги “Ер участкаларидан фойдаланишда давлат назорати самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорида кўрсатилган нормаларга асосан суд ва прокуратура, ИИВ, МФЙ ва ҳоким ёрдамчилари билан биргаликда ишлар амалга оширилмоқда. Яъни аниқланган ер қонун бузилиш ҳолатларида жиноят аломатлари сезилса, тўпланган ҳужжатлар прокуратура органларига тақдим қилинади. Масалан, жорий йилнинг ўзида 19 та ҳолат юзасидан биргаликда ишлар олиб борилмоқда.
Ер назорати йўналишида Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 60-моддаси 3-қисмига асосан ер участкаларини ўзбошимчалик билан эгаллаб олиб, унга туташ бўлган ва туташ бўлмаган ер участкаларига қурилган ноқонуний қурилмаларни буздириш бўйича 116 ҳолатда судларга даъво аризалари киритилган.
Кадастр хизматларини кўрсатиш бўйича аҳолига қандай қулайликлар ва шароитлар яратилган?
– Қорақалпоғистон Республикасида айрим туманларимиз марказдан олисда. Шунинг учун, Давлат хизматлари билан биргаликда жойларга чиққан ҳолда “Кўчма давлат хизматлари”ни кўрсатишни ва маҳаллабай, хонадонбай ишлаш тизимларини йўлга қўйганмиз. Жорий йилда кўчмас мулк объектларига жисмоний ва юридик шахслардан 27 минг 791 та ариза келиб тушган ва 22 389 та кадастр паспорти расмийлаштирилган. Хулоса қилиб айтганда, ер соҳасига қаратилган эътибор, қабул қилинган ҳар бир қонун, қарор ва фармонлар ер ҳисобини тўғри юритиш, уни асраб-авайлаш ва эртанги авлодга бус-бутун етказиб беришга қаратилган.
Шаҳноза Маматуропова, ЎзА