“QNA” Қатарнинг етакчи мультимедиа ахборот онлайн-платформаси саналади. Унда Ўзбекистон ва Қатар ўртасидаги иқтисодий, савдо ва инвестициявий ҳамкорликнинг истиқболли имкониятлари ҳақида интервью эълон қилинди.
Материалда Ўзбекистон Республикаси Президентининг иқтисодиёт соҳаларини ривожлантириш, инвестиция ва ташқи савдо сиёсатини амалга ошириш масалалари бўйича маслаҳатчиси ўринбосари, Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази директори Обид Ҳакимов билан суҳбатлашилган.
Материал бошида сўнгги 20 йил ичида Қатар давлатининг буюк уйғониш даври улкан муваффақият сифатида баҳоланди. Сиёсий ирода туфайли мамлакат сўнгги йилларда кўплаб ютуқларга эришаётгани таъкидланган.
Қатар Давлати Амири шайх Тамим бин Ҳамад Ол Сонийнинг Ўзбекистонга ташрифи Ўзбекистон – Қатар ўртасидаги икки томонлама муносабатларнинг муҳим босқичга кўтарилиши, турли соҳаларда, хусусан, энергетика ва қишлоқ хўжалигида ҳамкорлик учун янги эшикларни очди.
Қатар нефть-газ соҳасида бой тажрибага эга. Ўзбекистонда қишлоқ хўжалиги соҳасида улкан имкониятлар мавжуд. Икки мамлакат келгусида ҳамкорлик қилиш ва маълум соҳаларда товар айирбошлаш ҳажмини оширишни режалаштирмоқда.
Обид Ҳакимовнинг фикрича, маданий ва диний алоқалар ҳам мамлакатларимиз ўртасидаги иқтисодий ҳамкорликни ривожлантиришда муҳим омил бўлиб, улар ҳар икки томоннинг умумий манфаатларини ҳисобга олган қарашларни яқинлаштиришга хизмат қилади.
Интервьюда Ўзбекистон ва Қатар ўртасидаги иқтисодий алоқалар сиёсий муносабатлар даражасига кўтарилишига умид билдирилиб, ушбу ташриф давлат ва хусусий секторнинг барча манфаатдор томонлари учун савдо-иқтисодий ҳамкорликни мустаҳкамлаш, инвестиция ва қўшма лойиҳаларда истиқболларга эришишда имконият бўлиши таъкидланди.
Шу нуқтаи назардан, у ишбилармонлик алоқаларини ўрнатишдан манфаатдор томонларнинг бир стол атрофида ўтириб, иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш истиқболларини муҳокама қилиш имкониятини яратиш мақсадида икки давлат ўртасида иқтисодий форум ташкил этишни таклиф этди.
Эксперт ҳар икки давлат хусусий секторини Ўзбекистон ва Қатар ўртасидаги нуфузли муносабатлар имкониятидан фойдаланиш, ташаббуслар билан чиқиш, икки томонга фойда келтирадиган истиқболли иқтисодий шериклик алоқаларини ўрнатиш бўйича жиддий музокаралар олиб боришга чақирди.
Келгусида икки мамлакат ўртасида тўғридан-тўғри авиақатновларни йўлга қўйиш жуда муҳим. Чунки мамлакатлар инвесторларини энергетика, сув таъминоти ва замонавий технологиялар билан боғлиқ янги лойиҳаларга, Ўзбекистон учун катта аҳамиятга эга бўлган тармоқларга сармоя киритишга ундайди.
Ўзбекистоннинг географик жойлашуви Осиё бозорига кенг йўл очади. Бу эса қатарлик ишбилармонлар ва инвесторлар учун Осиёдаги янги бозорларга чиқиш учун туртки бермоқда.
2022 йилда Ўзбекистон ва Қатар ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 4,82 миллион долларни ташкил этди. Шундан 4,32 миллион доллари импорт маҳсулотлардир. Ўзбекистон углеводородларни қидириш ва қазиб олишни кенгайтириш ҳамда нефть-газ саноатини ривожлантириш учун хорижий инвестицияларни жалб қилишга интилмоқда.
Углеводородлар истеъмоли ўсишини ҳисобга олган ҳолда, Ўзбекистон 2019-2030 йилларда ушбу соҳага қарийб 9,8 миллиард доллар миқдорида инвестиция киритишни режалаштирмоқда. Жумладан, 3,5 миллиард доллар қидирув ишларига ва 6,3 миллиард доллар табиий газ қазиб олишни кўпайтириш учун ажратилади, бу эса Қатар сармоядорлари учун ривожланаётган Ўзбекистон иқтисодиётига қўшилиш имконини беради.
Мутахассиснинг билдиришича, тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб қилиш билан бирга, иссиқлик электр станциялари, атом энергетикаси ва қайта тикланадиган энергия манбалари каби соҳаларда муҳим ишлаб чиқариш қувватларини ривожлантириш учун юқори устувор йўналиш бўлган Ўзбекистонда электр энергетикаси соҳасига сармоя киритишда Қатар капиталини жалб қилиш имконияти мавжуд.
Бундан ташқари, саноат ишлаб чиқаришини модернизация қилиш ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини чуқур қайта ишлаш, Қатарнинг етакчи компаниялари ҳамда молия институтларини жалб қилган ҳолда Ўзбекистон инфратузилмасини модернизация қилиш мамлакатларимиз ўртасидаги ўзаро манфаатдорликни ошириш ва ҳамкорликни мустаҳкамлашга хизмат қилади, деди эксперт.
Интервьюда Қатарнинг минтақадаги илғор роли, кучли иқтисодиёти, миллий даромад манбаларини диверсификация қилиш борасидаги саъй-ҳаракатлари, ресурслардан оқилона фойдаланиш сиёсатини йўлга қўйиш, инфратузилмага сармоя киритиш ва диверсификацияланган иқтисодиётни барпо этиш борасидаги саъй-ҳаракатлари юқори баҳоланди.
Бундан ташқари, у ўзига хос ривожланиш стратегиясини амалга ошираётган Қатарнинг инсон капиталини ривожлантиришга бўлган ёндашуви оқилона эканини қайд этди. Бунинг натижасида унинг сиёсати бошқа мамлакатлар, жумладан, Ўзбекистоннинг ҳурматига сазовор бўлиб, Қатарнинг ўз минтақаси давлатлари орасида ҳам, жаҳон миқёсида ҳам обрўсини ошираётгани алоҳида таъкидланган.
Латофат БЎРИЕВА,
Ўзбекистон Республикаси Президенти
Администрацияси ҳузуридаги Иқтисодий
тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази илмий ходими.
ЎзА