Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан 1988 йил 31 май куни Халқаро чекишга қарши курашиш куни деб эълон қилинган. Шу муносабат билан Нукус ҳарбий суди ҳамда ҳарбий прокуратураси ташаббуси асосида Нукус гарнизони Маънавият ва маърифат маркази биносида “Кашандалик – соғлик кушандаси, умр заволи” мавзусида семинар ўтказилди.

Тадбирда таъкидланганидек, ушбу сананинг глобал мақсади ҳозирги ва келгуси авлодни тамакининг нафақат соғлиқ учун салбий жиҳатлари, балки ижтимоий, экологик ва иқтисодий зараридан ҳимоя қилишга қаратилган. Тамаки чекиш ҳамма зарарли одатлар орасида энг кўп тарқалганидир. Инсоннинг замонавий ҳаёт тарзида, кашандалик кўпгина сурункали касалликларни келтириб чиқарувчи, иш қобилиятини пасайтирувчи, ногиронликни ва ўлимга сабаб бўлувчи хавфли омилларнинг асосийларидан бири бўлиб бормоқда. Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилотининг баённомаларига асосан, жаҳонда бир йил давомида 5 миллион киши тамаки чекиш билан боғлиқ  касалликлар туфайли ҳаётдан кўз юмади.

Бугун дунёда тамаки чекувчилар сони 1,6 миллиардга яқинлашган. Ушбу муаммога қарши курашишнинг энг самарали йўли соғлом ҳаёт кечиришни танлашдир. Мутахассислар фикрича, соғлом турмуш тарзини яратишда аввало тамаки маҳсулотлари истеъмолига чек қўйиш зарур. Ундаги никотин моддаси инсон саломатлиги учун хавфли бўлиб, юрак, қонтомир, нафас аъзолари касалликларини келтириб чиқариши, организмда хавфли ўсмалар пайдо қилиш эҳтимоли кучли.

Семинарда мутасаддилар томонидан мавзуга оид маълумот ва тушунчалар берилди.

Довуд АБИБУЛЛАЕВ,  

ЎзА мухбири