Америка прокуратураси АҚШ собиқ президенти Дональд Трампни унга нисбатан жиноий тергов олиб борилишидан хабардор қилди, деб ёзди “Politico” нашри.
“ABC News” телеканали хабар беришича, тергов иши сиёсатчининг махфий ҳужжатларни уйида сақлагани билан боғлиқ.
Аввалроқ Трамп ўзининг “Truth Social” ижтимоий тармоғи орқали ҳеч ким унга қарши айблов эълон қилинганини айтмагани ва у ҳеч қандай ёмон иш қилмаганини маълум қилганди.
Душанба куни “Washington Post” газетаси собиқ президентнинг юристлари адлия вазирлигида айни масалани муҳокама қилган, деб хабар тарқатди. Нашр ёзишича, адвокатлар адлия вазирлигига ҳукуматдан сиёсатчига қарши айблов эълон қилмасликни сўраб келган.
Умуман, махфий ҳужатлар билан боғлиқ масала Америка сиёсий арбоблари учун ҳақиқий бош оғриғига айланмоқда. Масалан, Трампнинг Флоридадаги хусусий уйида бир қанча махфий ҳужжат топилган. Қолаверса, бундай қоғозлар собиқ вице-президент Майк Пенс хонадонидан ҳам топилган. Яқинда эса амалдаги президент Жо Байденга қарашли иккита уйдан ва хусусий идорадан ҳам махфий ҳужжатлар чиқди.