«Сеҳрли диёр» деган таъриф ишлатилганда, биз Американи тушунамиз. Буюк шоир Абдулла Ориповнинг машҳур мисралари ила барчамизнинг ёдимизга ўрнашиб қолган-да бу таъриф. Лекин дунё чархпалаги айланиб, Шарқдан яна бир «Сеҳрли диёр» бўй кўрсатди. Бу – Хитой Халқ Республикаси.
Шэньси провинцияси шимолидаги Янан қишлоғида Хитой революциясининг «муқаддас макон»и бор. У ерда – тоғ ёнбағирларидаги ғорларда 1943-1948 йилларда Мао Цзедун бошчилигидаги инқилобчилар, ҳали мустақил Хитой давлатига асос солинмасдан туриб (ХХР 1949 йилда ташкил топган), кейинчалик Мао ёзганидек, «оғиздан қон келгунча зўриқиб» ишлаганлар.
Ўша даврда халқ ҳаёти ғоят оғир бўлган. Бугун – орадан 75-80 йил ўтгач, Хитой дунёнинг иқтисодиёти энг бақувват, аҳолиси фаровон мамлакатларидан бирига айланди. Космосга учиш, ойга автомат станция юбориш, денгиз остидан 53 километрли автойўл тоннели ўтказиш, шунча масофада денгиз устида кўприк қуриш (Циндао шаҳрида), марказнинг 15 километрли диаметрида 30 қаватдан паст уй қуриш тақиқланиши (Шанхай шаҳри), тоғларни боғловчи минглаб тоннеллар қазиш, юз метрдан зиёд устунлар устига қурилган икки тоғни боғловчи 350 метрли кўприклар…
Бу каби мўъжизавий, айни чоғда инсон қўли билан барпо этилган иншоотларнинг қай бирини санайлик. Ҳа, Хитой кўп соҳаларда, аввало, иқтисодиётда «Сеҳрли диёр» сифатида бўй-бастини намоён этаётир. Шу сабаб дунё олиму экспертлари Шарқ «Сеҳрли диёри»нинг тажрибаларига зўр қизиқиш кўрсатмоқдалар, уларни ўрганмоқдалар. Жумладан, камбағалликни қисқартириш борасида ҳам. Дарҳақиқат, ўрганса арзигулик тажрибалар бу ерда бисёр. Яъни мамлакатда ҳозиргача 800 миллион одам, бу эса умумий аҳоли сонининг 60 фоизини ташкил этади, камбағалликдан чиқарилган.
Яқин-яқингача «Ўзбекистонда камбағал оилалар, аҳоли бор» деган ибора, гарчи буни ҳамма билса ҳам, ҳеч қаерда тилга олинмас эди. Аммо Президентимиз Шавкат Мирзиёев вазиятни борича очиқлади. Ўзбекистонда камбағалликдан чиқаришга муҳтож аҳоли борлигини маълум қилди. Энг муҳими, камбағалликни қисқартириш борасидаги амалий ҳаракатни бошлади. Бу вазифани амалга ошириш учун тегишли фармон, қарорлар қабул қилинди. Ҳар бир хонадон, ҳар бир шахс учун таҳлилий ташхис маълумотлари тузилди. Касбга ўқитиш, иш жиҳозлари билан таъминлаш, маҳсулотни сотиш тизимлари ишлаб чиқилди. Ижтимоий ҳимояга муҳтожлар «Темир дафтар», «Аёллар дафтари», «Ёшлар дафтари»га киритилди. Уларни камбағалликдан чиқариш лойиҳалари тузилиб, амалиётга жорий қилинмоқда. Шу ўринда камбағалликни қисқартириш мақсадида бошлаган улкан ислоҳотлар натижасида ўтган бир йилда мамлакатимизда камбағаллик даражаси 17 фоиздан 14 фоизга пасайиб, 1 миллион фуқаро камбағалликдан чиқарилганини алоҳида таъкидлаш лозим.
Эришилган тажрибалар эса ҳамкор давлатлар билан бўлишилмоқда. Шу йил 17-18 май кунлари мамлакатимизда камбағалликни қисқартиришга бағишланган II халқаро форум ташкил этилди. Унда «ижтимоий контракт», «ижтимоий реестр» каби янги тушунчалар иқтисодий луғатимиздан жой олди. Бу мавзу 19 май куни Сиань шаҳрида бўлиб ўтган «Хитой – Марказий Осиё» биринчи саммитида яна бир бор тилга олинди.
– Бирга эришган тажрибаларимиздан биргаликда фойдаланамиз, – деди саммитда Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпин.
Унинг ташаббуси билан 29-30 май кунлари Янань шаҳрида «Камбағалликни қисқартириш ва барқарор ривожланиш» масалаларига бағишланган ШҲТ давлатлари вакиллари иштирокида халқаро форум бўлиб ўтди. Унда 21 та мамлакат ҳукумат раҳбарлари, масъул вазирлари иштирок этишди. Жумладан, Ўзбекистон делегацияси аъзолари ҳам қизиқарли маърузалари билан чиқишди.
– Камбағаллик – ечими йўқ муаммо эмас, – деди Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Жамшид Қўчқоров. – Уни ҳамжиҳатликда, ҳамкор давлатлар илғор тажрибалари асосида енгиш мумкин. Буни бугун Хитой исботлаб берди. Бу борада Ўзбекистоннинг ҳам ўзига хос тажрибаси бор. Масалан, Президент Шавкат Мирзиёев томонидан ташкил этилган «Ҳоким ёрдамчиси» институти камбағалликни қисқартиришнинг самарали усулларидан биридир.
Ҳа, ШҲТ минбаридан «ҳоким ёрдамчиси»нинг маҳалладаги ўрни, камбағал оилаларга кўмаклашишдаги ваколатлари қизиқиш билан муҳокама этилди. Кейинчалик бир неча давлат ҳукумати аъзолари, элчилар «ҳоким ёрдамчиси» институти тажрибасини ШҲТ давлатлари ўртасида оммалаштириш истиқболларини ҳам муҳокама қилдилар.
Форумда Маями халқ таълими вазири Зав Мунт, Покистон Бош вазири ўринбосари Мирза Муҳаммад Африди, ШҲТ Бош котиби Чжан Мин ва бошқалар муаммо ечими йўлидаги ўз давлатлари олиб бораётган тадбирлар, ибратли тажрибалар ҳақида гапирдилар.
Анжуман ва ундан кейин Шэньси провинцияси шаҳар ва қишлоқлари, олис тоғларида яшаётган оз сонли аҳоли гуруҳлари ҳаёти билан танишув чоғида камбағалликни қисқартириш борасида, дарҳақиқат, Хитой катта тажриба орттиргани, энг муҳими, самарали натижаларга эришганига гувоҳ бўлдик.
Хўш, Хитой тажрибасининг асоси нимада?
Камбағалликни қисқартириш, аниқроғи, уни тугаллаш Хитой учун умумхалқ ишига айланган. Бу нима дегани?
Биринчидан, ХХР Давлат кенгаши раиси Си Цзиньпин умуммиллий лойиҳанинг муаллифи ва бош масъулидир. ХХР давлат тизимлари ташаббускорлигида камбағаллик билан курашнинг моддий таъминоти узлуксиз давом этадиган жараёнга айланган.
Ўтган йиллар давомида давлат раҳбари бу жараёнга алоҳида эътибор қаратиб келди. Масалан, ХКПнинг яқинда бўлиб ўтган ХХ съездидаги маърузасида ҳам бу борада эришилган натижаларни эътироф этиб, янги лойиҳа – камбағалликка йўл қўймаслик дастурини тақдим этди. Жумладан, 800 миллион нафардан зиёд аҳоли камбағалликдан халос қилингани, аммо аҳоли сони ўсиб бориши, янги авлод мустақил ҳаётга кириб келаётгани, эндиги вазифа эса уларнинг яна камбағал бўлиб қолишига йўл қўймаслик эканини алоҳида таъкидлади. Муҳими, камбағалликни қисқартириш учун давлат хазинасидан маблағ ажратиш лойиҳаси доимий ишлашини билдирди.
Иккинчидан, камбағалликни қисқартиришнинг муайян шакли яратилган. Унга кўра:
а) камбағал оила бўлган ҳар бир аҳоли яшаш манзилида давлат тизимининг ваколатли вакили бўлиб, у хонадонлар муаммосини аниқлаб, ҳукумат олдига қўяди. Унинг тавсиясига кўра, ҳар бир камбағал оилани қўллаб-қувватлашнинг ўзигагина хос дастури тузилади.
б) камбағалликдан чиқариш учун:
– узоқ муддатга ижарада фойдаланиш учун ер берилади;
– имтиёзли кредит ажратилади;
– зарур бўлса, касбга ўргатилади;
– ишлаб чиқариш ёки деҳқончилик воситалари билан таъминланади;
– маҳсулотни сотиш майдончаси ташкил этилади;
– савдо фирмалари билан алоқа ўрнатишда кўмаклашилади ёки дўконлар очиб берилади.
– ва ниҳоят, уй-жой учун ер ажратилади, қурилишга қисман субсидия ва имтиёзли кредит берилади;
– янги қишлоқ инфратузилмаси давлат томонидан яратилади.
…Биз тоғли Янань туманининг узоқ Жди Фан қишлоғидаги Дожень аҳоли яшаш манзилида бўлдик. Бу ерда 1001 нафар одам яшар экан. Улар лойиҳа асосида қурилган икки кўчали уйларда яшашади. Жами 1 квадрат километр жойда 2 та дўкон, кафе, марказий сайилгоҳ майдони, меҳмонхона, кутубхона, рақс тўгараги биноси, бошланғич таълим берувчи мактаб бор. Барчаси ихчам, муҳими, бақамти жойлашган. Аҳоли боғдорчилик билан машғул. Кимдир кўчат етиштиради, совуқхона ва иссиқхонаси ҳам мавжуд, бошқа оила боғбонлик қилади, баъзилар мева қуритиш цехида ишлайди, картон қутилар ишлаб чиқарувчи оилалар, шу қутига мева қадоқловчи, сотиш билан шуғулланадиган яна бошқа хонадонлар бор. Хуллас, барча ишнинг эгаси бўлиб, жараён тўхтамайди. Оилалар учун ҳаммом, иссиқ сувли уй, инфратузилмага эга кўчалар яратилган. Дарвоқе, ҳар бир хонадонга қуёш панеллари ўрнатилган. «Қуёшли кўча» лойиҳаси асосида панелли устунлар кўчаларни туни билан чароғон қилиб турибди. Шундай қилиб, бир вақтлар на иш ўрни, на касби-кори бўлмаган тоғ овули аҳли бугун муносиб ҳаёт тарзи билан таъминланган ва давлатдан рози бўлиб бахтиёр яшамоқда.
Энди савол туғилади: Наҳот, давлат шундай миқёсдаги вазифани бир ўзи бажарган?
Йўқ. Хитой тажрибасининг «сири» ҳам шунда! Юқорида айтганимиздек, камбағалликни камайтириш Хитойда умумхалқ ишига айланган. Яъни, мақсадга эришиш учун давлатдан ташқари кичик бир амалга қодир инсонлар, корхона-ю идоралар, компаниялар… Барча-барча астойдил кўмаклашган. Мана, мисоллар.
Биласиз, дунёга машҳур «Alibaba» электрон савдо компанияси Хебей провинцияси қишлоқларининг бир қисмини обод ва фаровон этишни ўз зиммасига олганди. Тоғли қишлоқ аҳли тарқоқ, табиат инъомига ишониб яшарди. «Alibaba» ҳудуд, аҳоли таркиби, истак ва имкониятини таҳлил қилгач, бу ерда иккита лойиҳани амалга оширишга киришади.
Биринчи лойиҳа табиий иқлим ва ер шароитидан келиб чиқиб, доривор гиёҳлар плантацияларини ташкил этиш ва каштанзорлар барпо қилиш эди. Компания техника олиб келиб, ер ўзлаштиради, ўн минглаб му (ер ўлчов бирлиги) майдонга каштан экилади, орасига эса доривор гиёҳ уруғи сепилади.
– Биз бир вақтнинг ўзида 100-300 оила яшайдиган, барча инфратузилмага эга, соддагина, аммо замонавий уй-жойлар қурдик. Энди тоғликлар ҳар тарафга сочилиб эмас, жамоа бўлиб яшайдилар, – дейди «Alibaba» компанияси хайрия жамғармаси бош директори Яо Яо. – Одамларга гиёҳнинг хусусияти, кўпайтириш ва териш усуллари ҳақида маълумот бердик, ўқувлар ташкил этдик. Ҳозир 80 фоиз аҳоли гиёҳ етиштириш, 10 фоизи уни қайта ишлаш, яъни қуритиш, навларга ажратиш, қадоқлаш, яна 10 фоизи, булар асосан ёшлар, электрон савдо, экспорт, реклама билан машғул. Қарабсизки, бир йилдаёқ маҳсулот – доривор гиёҳлар бозордан ўрин топди ва яхшигина даромад келтира бошлади. Биз камбағал оилаларга моддий ёрдам – эҳсон қилганимиз йўқ. Инвестиция киритдик, фоизсиз кредит ажратдик, холос. Энди камбағалликдан чиққан оилалар биз ер очиш, саралаш, қадоқлаш ва қути ишлаб чиқарувчи технологияларга қилган харажатимиз, қуриб берган уйларимиз пулини ўзи ишлаб топаётган даромаддан қайтаряпти.
Иккинчи лойиҳа – тоғ, яйловларда қўй боқиш эди. Яъни гўшт ва жун ишлаб чиқаришни ташкил этиш билан аҳоли узлуксиз даромад манбаига эга бўлди.
– Хитой нефть корпорацияси 2022 йилга қадар 78863 нафар аҳолини камбағалликдан чиқарди, – дейди мазкур корпорация хайрия департаменти директори Лю Фаньн. – Дастлаб 476 та аҳоли яшаш масканида иш ўрни яратдик, касбга ўқитдик, тижоратга ўргатдик. Камбағал оилаларда аёллар учун алоҳида «Оналар ишлайди» лойиҳасини амалга оширдик. Айни чоғда корпорация кичик-кичик, лекин барча қулайликларга эга қишлоқларни барпо этди.
Биз ана шундай масканлардан бирида – минг нафар аҳолиси бўлган қишлоқда бўлдик. Бу ерда тиббиёт бўлими, кутубхона, спорт зали, битирувчи синф ўқувчилари учун қўшимча машғулотлар марказигача ишлаб турибди.
Яна бир мисол. Тадбиркорлар асоссацияси тоғ ёнбағирларини текислаб, Ма Ба қишлоғининг камбағал аҳолиси учун чой плантацияси очган. Бу ерда чой етиштириш, қуритиш, қайта ишлаш, қадоқлаш, сотиш тизими яратилган. Натижа эса…
– Ҳозир қишлоқ аҳолисининг йиллик даромади умумхитой кўрсаткичидан икки баробар ошиб кетди, – дейди асоссация раҳбари Лю Ацзинь. – Бу қишлоқда ҳам барча инфратузилма яратилган. Ҳатто, гимнастика залларигача бор.
Бу каби мисоллар кўп. Эътибор берган бўлсангиз, уларнинг ҳар бирида аниқ ва истиқболли лойиҳа амалга оширилган. Камбағалликдан чиқариш – даромадли қилишгина эмас, муносиб ҳаёт тарзи учун барча шароит яратишни ҳам ўз ичига олган. Энг муҳим жиҳати, бу ҳаракат умумхалқ ишига айланганида. Яъни бюджет ажратмалари, давлат идоралари ёрдамигагина қараб қолинмаган.
Шу ўринда ҳақли савол туғилади. Хўш, Ўзбекистонда-чи? Бизда камбағалликни қисқартириш асосан Президент ташаббуси, фармон ва қарорлари, давлатнинг қўлловига қаратилган. Демак туман, қишлоқ мисолида ўша ердаги камбағал оилаларни ўз оталиғига олган, Хитойдаги хусусий компаниялар каби мукаммал лойиҳа асосида муаммони бошдан-оёқ ҳал қилаётган идора, хусусий ширкат ёки кластерлар пайдо бўлиши зарур. Афсуски бизда асосий масаланинг ечими давлат зиммасида. Ҳолбуки, Хитой тажрибасига кўра, камбағалликни қисқартириш фақат бюджет маблағига боғлиқ жараён эмас.
Шундай экан, миллат, халқ тақдирига, келажагига дахлдор бўлган камбағалликни қисқартиришдек эзгу мақсад умумхалқ ишига айланиши керак!
Бизнинг Шарқ «Сеҳрли диёри» тажрибаларидан олган хулосаларимиз шундай бўлди.
Муҳаммаджон ОБИДОВ, ЎзА
Тошкент – Пекин – Шэньси