Марказий Осиё халқаро институтида “Марказий Осиёда сув масаласига нигоҳ” мавзусида халқаро конференция ўтказилди.

Париждаги Марказий Осиё тадқиқотлари институти, Франциянинг Ўзбекистондаги элчихонаси ҳамда Тараққиёт агентлиги ҳамкорлигида ташкил этилган анжуманда элчилар, дипломатик корпус вакиллари, халқаро ташкилотлар, эксперт-таҳлил ва тадқиқот доиралари вакиллари, вазирлик, идоралар, шунингдек, мамлакатимиз олий таълим муассасалари ходимлари иштирок этди.

Конференция давомида Марказий Осиёда сув захирасидан самарали ва оқилона фойдаланиш, иқлим ўзгариши натижасида юзага келаётган салбий оқибатнинг олдини олиш, айни муаммоларни ҳал этиш жараёнида инновацион билим ва илғор тажрибани жорий этиш масалалари муҳокама қилинди.

Тадбир иштирокчилари Марказий Осиёда кузатилаётган глобал иқлим ўзгариши муз майдони жадал қисқаришига олиб келаётгани, бу эса қуйи оқимда жойлашган мамлакатларни сув ресурслари билан таъминлайдиган дарёлар ва сув ҳавзаларига салбий таъсир кўрсатаётганини таъкидладилар.

Марказий Осиё қурғоқчил зонада, нам океан атмосфераси оқимидан узоқ жойлашган минтақа ҳисобланади. Демак, минтақамиз иқлим инқирози нуқтаи назаридан ўта заиф, экологик офатга мойил.

Маълумки, музлик узоқ муддатли чучук сувнинг муҳим манбаи ҳисобланади. Ўрта Осиёнинг икки асосий дарё тизими – Сирдарё ва Амударё Орол денгизига қуйилади. Мазкур икки дарёнинг асосий сув манбаи кўп жиҳатдан мавсумий қор ва музлик эришига боғлиқ. Дарё тўлиб оқиши  аҳоли турмуш тарзи яхшиланиши, одамлар яшайдиган ҳудуд иқтисодий жиҳатдан ривожланишида алоҳида аҳамият касб этади. Афсуски, ҳозирги ноқулай экологик шароит минтақада фавқулодда вазият ва табиий офатларнинг юқори хавфини юзага келтирмоқда. Натижада минтақавий хавфсизликка жиддий таҳдид ҳосил бўлган.

Марказий Осиё халқаро институти директори Владимир Норов конференция очилишида сўзга чиқиб, мазкур тадбир Ўзбекистон Президентининг 2022 йил ноябрь ойида Францияга ташрифи чоғида эришилган келишувларнинг мантиқий давоми эканини таъкидлади. Зеро, ўша ташриф давомида ҳамкорликнинг турли йўналишлари, жумладан, яшил ривожланиш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, иқлим ўзгариши салбий оқибатини юмшатиш ва сув ресурсларини самарали бошқариш бўйича ҳужжатлар тўплами имзоланган эди.

Масалан, Ҳукуматимиз ва Франция тараққиёт агентлиги ўртасида қишлоқ хўжалиги соҳасида 2025 йилга қадар қўшма аниқ лойиҳалар амалга оширишни назарда тутувчи умумий қиймати 1 миллиард евродан зиёд янги стратегик ҳамкорлик дастури қабул қилинган. Энергетика, “яшил” иқтисодиёт, шаҳарсозлик, сув таъминоти, банк-молия сектори ва транспорт соҳаларида ҳам истиқболли келишувларга эришилган. Шунингдек, Ўзбекистон ҳудудларида ичимлик суви таъминотини яхшилаш, ирригация соҳасида тадқиқот олиб бориш тўғрисида меморандумлар имзоланган.

Бундан ташқари, Агентлик Оролбўйи минтақаси барқарор ривожланишини таъминлаш учун зарур инвестиция жалб этиш орқали ҳудуддаги экологик вазиятни яхшилашга қаратилган саъй-ҳаракатни амалга оширади.

Марказий Осиё халқаро институт ва Франциянинг Марказий Осиёни ўрганиш институти ўртасида декларация имзоланган.

Жаҳон банки маълумотига кўра, агар XXI аср охирига келиб ҳозирги исиш тезлиги сақланиб, дунёда ўртача ҳарорат Цельсий шкаласи бўйича 4 даража кўтарилса, Марказий Осиёда бу кўрсаткич 7 даражани ташкил қилади. Бундай ҳолатда минтақа музликлари интенсив эриши, табиий офатлар кучайиши, жиддий қурғоқчилик, сув инқирози, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси тузатиб бўлмайдиган йўқотишга учраши билан якунланадиган экологик бўҳрон юзага келиши эҳтимоли юқори. Қолаверса, бу муаммоларга қўшимча равишда Орол денгизи қуриши натижасида Марказий Осиё мамлакатлари ҳозирданоқ иқлим ўзгариши билан боғлиқ қатор салбий оқибатларни бошдан кечирмоқда.

Бинобарин, ушбу муаммолар трансчегаравий сувдан фойдаланиш масаласини ҳар томонлама ўрганиш ва муҳокама қилишни тақозо этади.

Тадбирда Франция тараққиёт агентлиги томонидан тайёрланган “Помир музликлари Марказий Осиё учун сув манбаи” номли ҳужжатли видео ролик намойиш қилинди. Олимлар, эксперт ва мутахассисларнинг “Марказий Осиёда сув билан боғлиқ вазиятга кенгроқ назар”, “Минтақада сув билан боғлиқ вазиятга соҳалар бўйича назар” мавзуларидаги таҳлилий чиқишлари тингланди.

Конференция икки таҳлилий тузилма ўртасида мустаҳкам алоқа ўрнатиш йўлидаги илк амалий қадам бўлгани, сув ресурсларини таъминлашга қаратилган қўшма тадбирларни изчил амалга ошириш бўйича “йўл харитаси”ни ишлаб чиқиш имконини бериши, энг муҳими, икки давлат раҳбарлари учрашувида Ўзбекистон – Франция муносабатини янада мустаҳкамлаш бўйича эришилган келишувларни амалга ошириш учун яхши платформа бўлиб хизмат қилиши алоҳида таъкидланди.

 

Саидмурод Раҳимов, ЎзА мухбири