Хабар қилинганидек, пойтахтимиздаги “Hilton” меҳмонхонасида “Камбағалликни қисқартириш бўйича илғор тажрибаларни татбиқ этиш” II Халқаро форуми бўлиб ўтмоқда.
Унда экспертлар ривожланаётган мамлакатларда тўпланган тажрибани янада оммалаштириш мақсадида камбағалликка қарши курашиш бўйича тегишли чора-тадбирларни амалга оширишда Ўзбекистон эришган ютуқларнинг усуллари ва натижаларини, жумладан, уларнинг самарадорлигини кўриб чиқмоқда.
Форум очилишида Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси Равшан Гулямов давлатимиз раҳбарининг форум иштирокчиларига табригини ўқиб эшиттирди.
Бош вазир ўринбосари Жамшид Қўчқоров Ўзбекистоннинг камбағалликка қарши курашиш борасида амалга оширилаётган ишлари хақида тўхталиб ўтди.
Форумда қайд этилишича, аксарият мамлакатлар камбағалликни қисқартириш йўналишида фаолиятни халқаро ташкилотларнинг тавсиялари ва тўпланган тажрибаларга таянган ҳолда тайёр амалиёт ва стратегиялар асосида амалга ошираётган бўлса, Ўзбекистонда қисқа муддатда камбағалликни қисқартириш соҳасида ўзига хос ташкилий дастур шакллантирилиб, ўтган йили жорий этилди ва ўз ижобий натижаларини кўрсатишни бошлади.
Ўзбекистонда камбағаллик муаммосини ҳал этиш ижтимоий сиёсатда алоҳида ўрин эгаллайди. Унга қарши фаол кураш 2020 йилда мамлакатимиз ушбу ҳолатни расман тан олган пайтда бошланган эди. Аҳолининг эҳтиёжманд қатламини манзилли қўллаб-қувватлаш мақсадида маълумотлар базалари шакллантирилди. 2021 йилдан бошлаб кам таъминланганларни “Ижтимоий ҳимоянинг ягона реестри” ахборот тизимига киритиш орқали ҳисобга олиш механизми жорий этилган.
2017 йилда 500 минг нафар кам таъминланган оилага ижтимоий ёрдам кўрсатилган. Бугунги кунда ушбу кўрсаткич 2,2 миллиондан зиёдни ташкил қилмоқда. Ажратилаётган маблағлар ҳажми етти баравар оширилиб, йилига 13 триллион сўмга етди.
Президентимизнинг Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига Мурожаатномасида таъкидланганидек, Янги Ўзбекистонни “ижтимоий давлат” тамойили асосида қуриш, инсон салоҳиятини рўёбга чиқариш учун тенг имкониятлар, одамлар муносиб ҳаёт кечириши учун зарур шароитлар яратиш ва камбағалликни қисқартириш мақсад қилинган.
Шундан келиб чиқиб, ижтимоий соҳага давлат харажатларини ошириш вазифаси қўйилди. Хусусан, 2018 йилда 35 триллион, 2019 йилда 61,3 триллион, 2020 йилда 74,2 триллион, 2021 йилда 85,3 триллион сўм ажратилган. 2022 йилда эса 105,5 триллион сўм йўналтирилган.
2022 йил якунларига кўра, камбағаллик даражаси 17 фоиздан 14 фоизга камайди. Янги иш ўринларини яратишга алоҳида эътибор қаратилди. Йил давомида 200 мингга яқин тадбиркорлик субъектлари ташкил этилиб, 10 мингта корхонанинг фаолияти кенгайтирилди ва 11 мингта корхона қуввати тикланди. Давлат дастурлари, жумладан, аҳолини касб-ҳунарга ўқитиш, маҳаллаларда тадбиркорликка кўмаклашиш соҳасида амалга оширилаётгани натижасида 1 миллион киши камбағалликдан олиб чиқилди.
Давлатимиз раҳбарининг 2022 йил 21 декабрдаги “Янги Ўзбекистон маъмурий ислоҳотларини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони камбағалликни қисқартириш бўйича чора-тадбирлар самарадорлигини янада оширишда муҳим аҳамият касб этмоқда. Камбағалликни қисқартириш бўйича масъул беш идора Ўзбекистон Республикаси Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлигининг ягона тизимига айлантирилиб, унга барча ташкилий имкониятлар ва молиявий ресурслар тақдим этилди. Ўзаро кесишувчи масалаларнинг бир вазирлик доирасида жамланиши уларнинг янада самарали ва комплекс ҳал этилишига хизмат қилиши шубҳасиз.
Давлатимиз раҳбарининг Мурожаатномасида 2023 йилда камбағалликни қисқартириш бўйича амалга оширилаётган сиёсатнинг устувор йўналишлари белгилаб берилган. Хусусан, аҳолининг турмуш шароитларини яхшилаш, камбағалликни бартараф этиш чора-тадбирлари маҳалла миқёсида давом эттирилади. Аҳоли ташаббус кўрсатган лойиҳаларни амалга ошириш учун қарийб уч баравар кўп, салкам 8 триллион сўм маблағ йўналтириш кўзда тутилган.
Ҳудудлар ўртасидаги иқтисодий тенгсизликни қисқартиришни таъминловчи механизм ишга туширилиб, улар шароити ва салоҳиятидан келиб чиқиб, беш тоифага ажратилди. Тадбиркорлар учун субсидия, кредит ва компенсацияларни тоифалардан келиб чиқиб ажратиш кўзда тутилган. Улар учун солиқ ставкалари ҳам ҳар хил бўлади.
Тошкент вилоятида “Менинг биринчи уйим” ижтимоий уй-жой ипотека дастури ишга туширилмоқда. Уй-жой қурилиши ҳажми 1,5 баравар оширилиб, 90 мингта хонадон ва якка тартибдаги уй-жой қурилади. Туманлар кесимида 2023 йилга мўлжалланган бандлик дастурларини пухта ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш вазифаси қўйилди.
Ҳар бир кам таъминланган оила учун ягона рақамли паспорт ишлаб чиқиш, камбағалликдан чиқиш бўйича индивидуал дастурлар тайёрлаш, касб-ҳунарга ўқитиш ва тадбиркорлик лойиҳаларини амалга ошириш режалаштирилган. Шу мақсадда маҳаллаларда 300 та микромарказ яратиш ишлари бошлаб юборилди. Ҳар бир туманда тадбиркорликни ривожлантириш дастурини ишлаб чиқиш бўйича кўрсатма берилди.
Жорий йилда оилавий бизнес дастури учун 12 триллион сўм ажратилади. Бундай кредитларнинг максимал миқдори ортади. Давлатимиз раҳбарининг 2023 йил 25 январдаги “Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурларини қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига асосан оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари доирасида лойиҳаларни молиялаштириш учун “Агробанк” АТБ, “Микрокредитбанк” АТБ ва АТ Халқ банкига 300 миллион доллар миқдорида маблағлар уч йиллик имтиёзли давр билан етти йил муддатга 10 фоиз ставкада ажратилади.
Форум доирасида ҳамкорликка оид бир қатор ҳужжатларни имзолаш ва қўшма коммюникени қабул қилиш режалаштирилган бўлиб, жумладан, Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази ҳамда J-PAL глобал ташаббуси ўртасида Ҳамкорлик дастури имзоланиши кутилмоқда.
Шаҳноза Маматуропова, ЎзА мухбири