Самарқанд шаҳридаги Халқаро туризм марказида Европа тикланиш ва тараққиёт банки Бошқарувчилар кенгашининг 32-йиллик анжумани давом этяпти. Учинчи кун дастуридан ҳам томонлар учун бирдек манфаатли жиҳатларни назарда тутган тадбирлар ўрин олган.
Айниқса, Марказий Осиё минтақаси, хусусан республикамиз иқтисодиётини янада юксалтиришга хизмат қилувчи бир неча сессия – “Ўзбекистон капитал бозорининг ривожланиши” ва “Ўзбекистон банклари трансформацияси ва банкларимизни хусусийлаштириш жараёни” Форум-ҳамкор сессиялари, шунингдек “Америка – Ўзбекистон савдо палатаси. Америка ҳикояси: АҚШ бизнеси Нима сабабдан Марказий Осиёда” Бизнес алоқаси, “Рақамли уланишни таъминлаш: Марокашдан Самарқандгача” мунозара панели маҳаллий экспертларимиз диққат марказида бўлади.
Табиийки, 70 дан зиёд давлат вакиллари, 2 ярим мингга яқин мутахассис рўйхатдан ўтган мазкур глобал анжуман давомида барча иштирокчи мамлакатлар учун фойдали келишувларга эришилаётгани, битим ва шартномалар имзоланаётгани дунё ҳамжамияти томонидан эътироф этилмоқда. Зеро, дунёнинг энг йирик, обрўли молиявий тузилмаларидан бири – ЕТТБ томонидан уюштирилган анъанавий йиллик энг йирик форумда бошқача бўлиши ҳам мумкин эмас. Биз учун муҳими айни нуфузли воқеа диёримизда бўлиб ўтяпти ва Ўзбекистон учун алоҳида аҳамиятга эга мавзуларга устуворлик берилиши аниқ.
Анжуманни бевосита кузатиб бораётган ЎзА мухбирлари экспертлар, мутахассислар ёрдамида тафсилотларга ҳам эътибор қаратишни режалаштирган.
Ғайрат Хонназаров,
Муҳаммад Амин (сурат), ЎзА