Самарқанд шаҳрида Европа тикланиш ва тараққиёт банки Бошқарувчилар кенгашининг 32-йиллик йиғилиши ўтказилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 17 май куни мазкур нуфузли форумда иштирок этди.
Саммит ишида Европа тикланиш ва тараққиёт банки президенти Одиль Рено-Бассо, Европа Комиссияси вице-президенти Валдис Домбровскис, ЕТТБ Бошқарувчилар кенгаши раиси Магнус Бруннер, хорижий ҳукуматлар, етакчи трансмиллий корпорациялар ва саноат холдинглари, халқаро молия институтлари ва банкларнинг раҳбарлари ва вакиллари, шунингдек, дунёнинг 70 дан ортиқ мамлакатидан иқтисодиёт, инвестициялар, молия ва инновациялар соҳаси экспертлари ва таҳлилчилари, фуқаролик жамияти фаоллари ва журналистлар – 2,5 мингдан зиёд иштирокчи қатнашмоқда.
Давлатимиз раҳбари йиғилишнинг ялпи сессиясида нутқ сўзлади.
– Европа тикланиш ва тараққиёт банки Бошқарувчилар кенгашининг бу йилги йиғилиши қадимий ва бетакрор Самарқандда ўтказилаётганини биз мамлакатимизга, ислоҳотларимизга юксак ишонч ва эътибор ифодаси сифатида қабул қиламиз, – деди Шавкат Мирзиёев.
ЕТТБнинг бундай йиғилиши мамлакатимизда 20 йил олдин бўлиб ўтган эди. Ундан бери Ўзбекистон анча ўзгаргани, иқтисодиёт эркинлаштирилгани, барча соҳаларда кенг кўламли янгиланишлар бошлангани ва изчил амалга оширилаётгани қайд этилди.
Ушбу ислоҳотлар дастурини амалга оширишда Европа тикланиш ва тараққиёт банки Ўзбекистоннинг стратегик ҳамкорларидан бири. Унинг мамлакатимиздаги лойиҳалар портфели 4 миллиард евродан ошган. Шундан 3,3 миллиард евролик лойиҳалар сўнгги тўрт йилда бошланган.
Ўтган йил якуни билан Ўзбекистон банкнинг бешта энг асосий ҳамкорлари қаторига кирган. Йиллик инвестиция ҳажми бўйича эса унинг Марказий Осиёдаги энг йирик бизнес шеригидир.
Давлатимиз раҳбари халқаро ташкилотлар, жумладан, Европа тикланиш ва тараққиёт банки билан ҳамкорликнинг муҳим йўналишларини кўрсатиб ўтди.
Хусусийлаштириш ва хусусий сектор учун кенг шароитлар яратиш, инфратузилма, тиббиёт, таълим, транспорт, экология каби давлат ихтиёридаги соҳаларда давлат-хусусий шериклик лойиҳаларини кенгайтириш, “яшил иқтисодиёт”, айниқса, “яшил энергия” соҳаларини жадал ривожлантириш, аёллар тадбиркорлигини янада қўллаб-қувватлаш, янги агротехнологияларни жорий этиш, сувни тежаш ва озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш шулар жумласидан.
Давлатимиз раҳбари банк билан ҳамкорликда бу соҳаларда янги лойиҳа ва дастурлар амалга оширилишини маълум қилди. Шунингдек, банкни қўшни мамлакатлар билан ҳамкорликдаги минтақавий лойиҳаларда иштирок этишга таклиф этди.
– Бугунги халқаро анжуман Европа тикланиш ва тараққиёт банки билан мамлакатимиз ўртасидаги ҳамкорликни янги поғонага олиб чиқиш учун тарихий имконият яратмоқда, – деди Шавкат Мирзиёев.
Таъкидлаш лозимки, ЕТТБ Бошқарувчилар кенгаши мажлиси глобал иқтисодиёт истиқболларини кенг муҳокама ва чуқур таҳлил қилиш, унинг барқарор тараққиётини таъминлаш юзасидан тавсиялар ишлаб чиқиш учун муҳим платформадир.
Иқтисодиёт барқарорлигига сармоя киритиш, халқаро савдони рағбатлантириш, энергетик хавфсизликни таъминлаш ва қайта тикланувчи энергия манбаларини жорий этиш, рақамлаштиришни жадаллаштириш, молиявий инфратузилмани модернизация қилиш, кичик ва ўрта бизнесни қўллаб-қувватлаш, “яшил иқтисодиёт” дастурини илгари суриш масалалари форумнинг марказий мавзулари бўлди.
Йиғилиш доирасида Ўзбекистон инвестиция тақдимоти ўтказилиб, бизнес соҳасида қандай катта имкониятлар борлиги кўрсатиб берилди.
2022 йил давомида ЕТТБ Ўзбекистондаги 26 лойиҳага, қарийб 900 миллион доллар миқдорида сармоя киритди. Бу мамлакатимизнинг ўсиб бораётган инвестициявий жозибадорлиги, юртимизда яратилган қулай меъёрий-ҳуқуқий муҳитнинг эътирофидир. Банк айни пайтда бир қатор йирик, жумладан, минтақадаги қайта тикланадиган энергетика соҳасига йўналтирилган энг йирик лойиҳаларни молиялаштирмоқда. Ўтган йил охирида ЕТТБ кўмагида Ўзбекистонда ўтказилган Хорижий инвесторлар Кенгашининг биринчи ялпи мажлиси хорижий инвесторлар ва ислоҳотларни илгари сураётган расмийлар ўртасидаги мулоқот учун муҳим платформа бўлиб хизмат қилади.
35,6 миллион аҳолига эга, Марказий Осиёнинг қоқ марказида, Европа ва Осиё чорраҳасида жойлашган Ўзбекистон жадал ривожланаётган бозор сифатида минтақада ўта муҳим стратегик аҳамият касб этишини бугун бутун дунё тан олмоқда. Сиёсий ва макроиқтисодий барқарорлик намоён этаётган мамлакатимиз табиий газ, олтин, уран, кумуш, мис каби моддаларнинг бой захираси, шунингдек, азалий анъаналари, йирик ишлаб чиқариш учун улкан салоҳияти, ёш, малакали ишчи кучи туфайли минтақага сармоя киритиш учун муҳим ўлкага айланмоқда.
Анжуман сессияларида соғлиқни сақлаш, таълим, инфратузилма, транспорт, энергетика соҳаларида 40 дан ортиқ йирик хусусий шериклик лойиҳалари тақдимот қилинмоқда.
Президент Шавкат Мирзиёев Самарқандга ташрифи чоғида Ҳазрати Ҳизр мажмуасида бўлиб, Биринчи Президентимиз Ислом Каримов мақбарасини зиёрат қилди.
Шунингдек, давлатимиз раҳбари айни пайтда янгидан бунёд этилаётган Имом Бухорий мажмуасида қурилиш ишларининг боришини кўздан кечирди. Буюк муҳаддис мақбараси зиёрат қилиниб, Қуръон оятлари тиловат этилди.
Европа тикланиш ва тараққиёт банкининг Самарқанд саммити 18 май куни якунланади.
З.ЖОНИБЕКОВ, Ғ.ҲАСАНОВ, ЎзА мухбирлари