Ўзбекистон халқ шоири, “Эл-юрт ҳурмати” ордени соҳибаси Ҳалима Худойбердиева ҳаёт бўлганида бугун 76 ёшни қарши оларди. Сирдарё вилояти Гулистон шаҳрида шоира номидаги ижод мактабида адабий-маърифий тадбирлар бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси, Халқ шоири Сирожиддин Саййид бошчилигида бир гуруҳ таниқли шоир ва ёзувчилар, адабиётшунос олимлар, эл суйган санъаткорлар, шоиранинг оила-аъзолари, сирдарёлик ижодкорлар, ёш қаламкашлар шоирани хотирлаш учун жам бўлди. Дастлаб ижод мактаби ҳовлисидаги Ҳалима Худойбердиева ҳайкали пойига гуллар қўйилиб ҳурмат кўрсатилди. Сўнгра шоиранинг ижод йўли, у билан боғлиқ хотираларни уйғотувчи кўплаб экспонатлар ўрин олган мактаб музейи кўздан кечирилди.

Тадбир иштирокчилари вилоят мусиқали драма театри фойесида ташкил этилган Ҳалима Худойбердиеванинг ҳаёти ва ижоди акс этган фотогалерея ҳамда шоиранинг китоблари кўргазмаси билан танишдилар. Шоира таваллудининг 76 йиллигига бағишланган адабий-маърифий тадбирни Халқ шоири Сирожиддин Саййид очди. Ҳалима Худойбердиеванинг ҳаёти ва ижоди, унинг ўзбек шеърияти ривожига қўшган беқиёс ҳиссаси ҳақида сўз юритди.

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Қутлибека Раҳимбоева, “Маънавий ҳаёт” журнали бош муҳаррири Эшқобил Шукур, ёзувчи Абдуқаюм Йўлдошев, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, шоира Фароғат Худойқулова, “Зулфия” номидаги Давлат мукофоти соҳибаси Гулжамол Асқарова Ҳалима Худойбердиеванинг ижоди, фаолияти, бирга меҳнат қилган пайтларидаги хотиралари билан ўртоқлашди.

Ўзбекистон халқ артисти Замира Суюнова, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Тожибар Азизова, таниқли эстрада хонандалари Умида Мирҳамидова ва Ҳилола Ҳамидованинг шоира шеърларига басталанган қўшиқлари, “Навбаҳор” рақс ансамбли раққоса қизларининг чиқишлари тадбирга шукуҳ бағишлади.

Сирдарё вилояти мусиқали драма театри ижодкорлари томонидан таниқли ёзувчи Абдуқаюм Йўлдошев қаламига мансуб “Юрагида йўлбарс ётган аёл” спектаклидан кўрсатилган парчалар барча иштирокчиларга манзур бўлди.

“Ҳалима Худойбердиева шеърлари Марказий Осиёдаги 3018 чақиримлик энг узун дарё сингари мангу яшайдиган, тинмай тўлқинланиб, руҳият оламини яшнатиб, миллат аҳлининг кўнглига ифтихору ғурур сезимларини жойлаб оқаётир ва ҳамиша оққусидир”, – деб таъриф берган эди сирдарёлик таниқли адабиётшунос олим, профессор Қозоқбой Йўлдош. Ҳалима Худойбердиеванинг нафақат шеърлари унинг халқига бўлган чексиз меҳри ҳали узоқ йиллар ёшларга намуна бўлади. У яратган асарлар шеърият мухлислари қалбида йиллар давомида жаранглаб туради.


Шуҳрат Суяров, ЎзА мухбири