Ўзбекистон Республикаси Президенти Олий Мажлис палаталари, сиёсий партиялар, суд ва ижро этувчи ҳокимият органлари раҳбарлари ҳамда жамоатчилик фаоллари билан учрашувда янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясини қабул қилиш бўйича шу йил 30 апрелда бўлиб ўтган референдум якунларига тўхталди.

Давлатимиз раҳбари ўз нутқида янгиланган конституцияда барча қатлам манфаатлари инобатга олинганлиги, уни ишлаб чиқишда аҳоли фаол иштирок этганлиги ҳамда референдум орқали қабул қилинганлиги ушбу ҳужжатнинг чинакам халқ конституцияси бўлганидан далолат эканлигини таъкидлади.

– Конституциямиз лойиҳасини муҳокама қилишдан бошлаб то уни қабул қилгунгача бўлган даврда ўтказилган умумхалқ муҳокамаларида миллионлаб юртдошларимиз фаол иштирок этди. Шу нуқтаи назардан қараганда, янгиланган Конституциямизнинг чинакам муаллифи халқимиз бўлди, деб айтишга барча асосларимиз бор. Энг муҳими, энди ислоҳотларимиз йўлидан ҳеч қачон ортга қайтмаймиз, “инсон – жамият – давлат” деган янги тизим асосида фақат ва фақат олдинга қараб борамиз, – деди Президент Шавкат Мирзиёев.

Дарҳақиқат, мамлакатимизнинг эртанги куни, келажаги, тараққиёти ва халқимизнинг фаровон ҳаёт кечириши янгидан қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига бевосита боғлиқ. Шунинг учун 30 апрель куни мамлакатимизнинг барча ҳудудларидаги каби Қорақалпоғистон Республикаси аҳолиси ҳам ўзлари яшаётган ҳудудлардаги Референдум ўтказувчи участкаларга бориб овоз бериб, фаол иштирок этди. Бу эса халқимизнинг Янги Ўзбекистонни қуриш ғояси атрофида жипслашгани, бирлашганидан далолатдир. Шу жиҳатдан қараганда, янгиланган бош қомусимиз, ҳақиқатдан ҳам, халқ Конституциясига айланиши шубҳасиз.

Шунингдек, Президентимиз учрашувда янгиланган Конституция парламент фаолиятида ҳам муҳим ўзгаришларни назарда тутишини, хусусан, давлат ҳокимияти тизимида бир-бирини тийиб туриш ва мувозанатни сақлаш мақсадида Олий Мажлис палаталарининг ваколатлари қайта кўриб чиқилиб, Қонунчилик палатасининг ваколатлари 5 тадан 12 тага, Сенатда эса, 14 тадан 18 тага кўпайишини алоҳида таъкидлади.

Инсон фаровон яшаши, давлат барқарор ривожланиши учун самарали, халқчил давлат бошқаруви ҳамда кучли парламент зарур. Янгиланган Конституциямизнинг яна бир аҳамиятли жиҳати шунда, бош қомусимиз халқпарвар давлат қуриш мақсадида кучли парламент, ихчам ва масъулиятли ҳукумат, мустақил ва адолатли суд тизимини барпо этишга қаратилган. Унга кўра, Қонунчилик палатаси ва Сенатнинг ваколатлари сезиларли даражада кенгайди, икки палата ишидаги такрорланишлар бартараф этилиб, ҳар бирининг масъулият соҳаси аниқ белгиланди.

Ўтказилган учрашувда Олий Мажлис палаталари, сиёсий партиялар ҳамда Конституциявий суд раҳбарлари ҳам сўзга чиқиб, Президентимиз томонидан илгари сурилган таклиф ва ташаббусларни қўллаб-қувватлади. Хулоса қилиб айтганда, янги таҳрирдаги Конституциянинг ҳар бир нормаси барча аҳоли қатламлари манфаатларини инобатга олган, жамиятимизни Янги Ўзбекистонни қуриш ғояси атрофида бирлаштирадиган, мамлакатимиз тараққиётига кўп йиллар хизмат қиладиган мукаммал хуқуқий асос бўлади, десак муболаға бўлмайди.


Тажибай Романов,

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесидаги

ЎзМТДП фракцияси раҳбари

ЎзА