Умр йўлини Ватан равнақи, эл тинчлиги ва халқ фаровонлиги йўлида сафарбар этиб, она юрти олдида ўз фарзандлик бурчини бажариш чоғида ҳалок бўлганлар хотираси халқимиз онгида мангу барҳаёт.

Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармасида хизмат қилган Амангелди Қодиров ҳам ўз Ватани ва касбига садоқат билан хизмат қилиб, мамлакатимизнинг иқтисодий хавфсизлигини таъминлаш йўлида ўз жонини қурбон қилган ҳақиқий ватанпарвар фарзандлардан бири эди. Қобилиятли, меҳнатсевар, ҳалол ва интизомли ходим, божхона хизмати майори Амангелди Устюрт текислигида контрабанда ашёлари ва товар-моддий бойликларининг ноқонуний равишда олиб ўтилишининг олдини олиш бўйича олиб борилган тезкор тадбир давомида хизмат бурчини бажариш чоғида қаҳрамонларча ҳалок бўлди. Халқимизни контрафакт маҳсулотлардан асраш, айланма йўллар орқали олиб кирилган сифати кафолатланмаган, божхона расмийлаштирувидан ўтказилмаган товар-моддий бойликларнинг йўлини тўсаман, деб ўз жонини фидо қилди.

“От ўрнини той босар” дейди доно халқимиз. Бугун унинг 2 нафар  фарзанди отасининг изидан бориб, божхоначи касбини танлаган. Отасидан босиқлик, вазминлик ва меҳнатсеварликни мерос қилиб олган Улуғбек Шамуратов “Довуд-ота” чегара божхона постида хизмат қилмоқда. Ўзининг интилувчанлиги, ота касбига нисбатан ёшлигидан пайдо бўлган қизиқиши сабаб, божхона органларида самарали меҳнат қилиб келмоқда. Иккинчи ўғли Сардор бугунги кунда божхона институтида таҳсил олмоқда. Марҳум отаси билан елкама-елка хизмат қилган сафдошлари, ундан касбнинг  сир-асрорларини  ўрганган шогирдлари  унинг  ҳар  бир ҳатти-ҳаракати, куюнчаклиги-ю очиқ кўнгиллилигини кечагидек эслашади.

Она Ватани олдида ичган ҳарбий қасамёди қаҳрамонимиз учун ҳар нарсадан устун эди.

Ватанпарварлик ҳисси юксак, ҳарбийлик бурчига садоқати баланд  бўлган инсон Амангелди Қодировнинг умр йўли  фарзандлари, шогирдлари ва ёш авлод вакиллари учун ҳақиқий ибрат намунаси десак, муболаға бўлмайди. Унинг порлоқ хотираси ҳамиша қалбларда сақланади. Зеро, яхшилар ёди унутилмайди.

Довуд АБИБУЛЛАЕВ,  

ЎзА мухбири