9 май – Хотира ва қадрлаш куни
У энди ўн саккизга кирган эди. Тошкентнинг Ачаобод маҳалласидан тўғри Смоленск шаҳрига урушга кетди.
Ўшанда 1942 йилнинг феврали эди. Кейинчалик Беларусь, Польша ва Германияда тинчлик учун курашди. Умрининг ҳар лаҳзаси хатарда бўлди. Қачон унинг вужудини лаҳзалик қўрқув эгалласа, кўзларини оҳиста юмар эди. Кўз ўнгида ҳовлиси – томорқасида ер ағдараётган отаси, тандирдан нон узаётган онаси гавдаланарди. Қулоқларига эса ука-сингилларининг шодон қийқириқлари эшитилиб кетарди. Шундан сўнг, сониялик ваҳм ҳисси ўрнини ғайриоддий жасурлик эгалларди. Шундай таҳликада умрининг тўрт йили ўтди. Насибаси узилмаган экан, маҳалласига ғалаба билан қайтди.
Урушдан кейин мактабда ўқитувчилик қилди. Болаларга немис ва инглиз тили фанидан сабоқ беради. Бошланғич синфларга мўлжалланган “Немис тили” дарслигининг яратилишида қатнашади. Бу меҳнатлар унутилмади – у бир қатор давлат мукофотлари билан тақдирланди.
Пойтахтимиздаги “Chinobod Plaza” соғломлаштириш мажмуасининг иккинчи қавати. Аср билан юзлашган Аббос ота Аппановнинг бошидан ўтказган ҳаётий ҳикоясини тинглаб ўтирибман.
– Айтаётганларингиз кинога ўхшайдия, ота, дейман ҳайратимни яшира олмай.
– Шундай ўйлаётганинг, эртакдай тушунаётганинг сенинг бахтинг, болам, – дейди отахон кўзларимга меҳр билан тикилиб. – Бу мусаффо осмон, дастурхондаги мана бу неъматлар, ҳеч бир хавотирсиз суҳбатлашиб ўтиришларимиз ўз-ўзидан бўлган эмас. Ўз-ўзидан бўлаётгани ҳам йўқ. Баъзан мана шу юмшоқ ўриндиққа оёғимни узатсам… Уҳҳ… Узатсам нам ёки лойқа сувга тўлган хандақда душман тарафга тикилиб ётганларим хаёлимга келади. Урушда қанча қуролдош дўстларимдан айрилдим. Бугун бизга ўхшаганлар эъзозда, ўша дўстларимнинг хотираси эса халқимизнинг ёдида.
Отахон чуқур хўрсинади. Орага ноқулай сукут чўкади. Хонага ҳокимиятдан вакил кириб, ноқулайликни “юмшатади”. У бу ерга яқин орада Президент келишини, хонани бироз тартибга келтириб қўйсак яхши бўлишини айтиб кетади. Отахон билан яна кўришишни ваъда қилиб, хайрлашамиз.
Мамлакатимизнинг барча ҳудудларида 9 май – Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан турли тадбирлар, учрашувлар ўтказилмоқда. Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари рағбатлантирилмоқда. Уларнинг саломатликларини мустаҳкамлашга эътибор қаратилмоқда.
Президент Шавкат Мирзиёев 8 май куни Тошкент шаҳридаги “Chinobod Plaza” санаторийсига бориб, уруш қатнашчилари ҳолидан хабар олди.
Дарҳақиқат, Иккинчи жаҳон урушида ҳалок бўлган аждодларимиз хотирасини абадийлаштириш, бугун ҳам сафимизда туриб, Ватанимизнинг обрў-эътиборини юксалтириш, ёшларни маънавий-ахлоқий жиҳатдан тарбиялашга ҳисса қўшаётган фахрийларни эъзозлаш давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Бу бўйича Президент фармони имзоланиб, Иккинчи жаҳон уруш қатнашчилари ва ногиронларининг ҳар бирига ўн саккиз миллион сўм миқдорида бир марталик пул мукофоти бериш белгиланди.
– Отам ўзларига бўлаётган ғамхўрликни ҳамиша ҳис қилиб, ундан қувват олиб туради, – дейди пискентлик Ашир отанинг ўғли Эрали Ўсаров. – Мана шу санаторийда уч-тўрт кундан буён саломатлигини мустаҳкамлаяпти, зарур муолажаларни олаяпти. Нима ёрдам деб, ҳокимиятдан, турли ташкилот ва идоралардан сўраб келишади. Давлат раҳбари билан бугунги учрашув кутилмаган бўлди. Президент уруш фахрийларига сизларни кўрай, байрам билан табриклай деб келдим, дедилар. Бу сизларнинг байрамингиз, ўша пайтлардаги жасорат ва матонатингиз туфайли кейинги авлодлар эркин яшади деганларида ғурурланиб кетдим. Суҳбатдан кейин отамнинг бардамлигини айтмайсизми?
Уруш фахрийлари давлатимиз раҳбарига ўзлари учун юртимизда яратилган шароитлар ва эътибор учун миннатдорлик билдиришди. Соғломлаштириш мажмуасида саломатликларини мустаҳкамлаш учун барча шароит яратиб берилганини таъкидлашди.
Дарҳақиқат, шу ўринда мамлакатимиздаги нуфузли соғломлаштириш мажмуаларидан бири бўлган “Chinobod Plaza” санаторийси ҳақида қисқача маълумот берамиз.
Ушбу муассаса 2020 йил фойдаланишга топширилган. Тиббиёт маркази ҳудудида бешта даволаш блоки ва битта меҳмонхона мавжуд. Бу 144 стационар ўрин, ойлик 432 та қатновни қабул қилиш қуввати дегани.
Бу ерга Германия, Италия ҳамда Россия давлатларидан замонавий ускуна ва жиҳозлар келтирилган. Марказда йилига 4 минг 500 нафар овқат ҳазм қилиш аъзолари касалликлари, урологик ва гинекологик, неврологик, эндокринологик, шу жумладан, қандли диабетга чалинган беморни соғломлаштириш имкони мавжуд.
Учрашувда ҳаётда кўп синовларни кўрган, қарийб бир асрлик ҳаёт тажрибасига эга бўлган бу инсонларнинг дуолари ижобат бўлиши таъкидланди. Нуронийлар учун барча зарур шароитларни яратиш бундан буён ҳам катта эътиборда бўлиши қайд этилди.
Икром АВВАЛБОЕВ, ЎзА мухбири