Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси депутати Б.Сидиқов, O’zLiDeP Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши ходимлари 9 май – Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан Нукус шаҳри “Амударё” маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи Қадирбай ота Нармановни йўқлаб борди.

Бугун яқинлари ардоғида 98 ёшни қарши олган, жасорати ўрнак бўладиган фахрий ота билан суҳбатлашаркансиз, унинг кўз олдида ўша дахшатли уруш қиёфаси гавдаланади. Отахон шу йилларни эслаб, кўзида ёш билан бугунги кунга шукроналар айтди.

– 9 май – Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан Президентимиз томонидан бизга кўрсатилаётган алоҳида эътибор ва ғамхўрликдан жуда мамнунмиз, – дейди  иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси Қадирбай ота  Нарманов. –Айниқса, ёшларнинг  ҳурмат ва  эҳтироми  мамлакатимизда  инсон манфаати, унинг шаъни ва қадр-қиммати ҳамма нарсадан устун эканини яна бир карра намоён этмоқда. Илоҳим, юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо бўлсин.

Бугунги дориломон кунларга етказганига шукрона айтиб, қўлларини дуога очди. Ҳақиқатдан ҳам халқимиз ардоғидаги бу нуронийларимизнинг бутун инсониятни фашизмдан озод қилиш йўлида кўрсатган мардлик ишлари, жасорати, ишонч ва сабр-тоқати  бугунги ҳамда келажак авлодлар учун  ибрат намунаси саналади.

Довуд АБИБУЛЛАЕВ, Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ (сурат), ЎзА