Иқтисодий нотинчлик, Украинадаги воқеалар озиқ-овқат нархини ошириб юборди ва глобал инқирозни чуқурлаштирди. 2022 йил дунё бўйлаб 258 миллион киши тўйиб овқатланмасликдан азият чекди. Бу рақам ўтган йилга нисбатан 65 миллион кўп.
Бу ҳақда БМТ, Европа Иттифоқи, ҳукумат ва нодавлат ташкилотларини ўз ичига олган озиқ-овқат инқирозига қарши глобал тармоқ ҳисоботида айтилган.
Ҳисоботга кўра, озиқ-овқат ёрдамига ўта муҳтожлар сони, кетма-кет тўртинчи йилдирки, ортмоқда. 2022 йил кўрсаткичи сўнгги етти йилдаги рекорддир. Ҳужжат муаллифлари бундай кескин ўсиш қисман вазият таҳлил қилинган ҳудудда аҳоли сони ўсиши билан изоҳланишини тан олишади. Бу статистик хусусият ҳисобга олинса ҳам умумий тенденция хавотирли – тўйиб овқатланмайдиганлар сони ортиб боряпти.
— Бугун чорак миллиарддан зиёд одам ўта очликдан азият чекмоқда, баъзилар очликдан ўлиш хавфи остида қолган”, — дейди БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш ҳисоботга сўз бошида. — Бу ҳолатни тасаввур қилиш жуда оғир. Унинг сўзларига кўра, айни вазият инсониятнинг очликка барҳам бериш, сайёрамиз аҳолиси озиқланишини яхшилаш мақсади кўзланган иккинчи Барқарор ривожланиш мақсадига эришишни шубҳа остида қўйяди.
2022 йил дунёнинг етти мамлакати, айниқса, Сомалида аҳолининг бир қисми очлик хавфига дуч келди. Ўта муҳтож 38 миллион аҳолининг ярми тўрт давлат – Афғонистон, Конго Демократик Республикаси, Судан ва Яманда яшайди.
35 миллиондан кўпроқ беш ёшгача бола тўйиб овқатланмаслик ёки ўткир тўйиб овқатланмасликдан азият чекмоқда. Уларнинг 9,2 миллиони оғир касал ёки ўлим хавфи соясида.
Ҳисобот муаллифлари инқироз чуқурлашишига ёрдам берувчи асосий омил сифатида можаро, экстремал об-ҳаво ҳодисаларини кўрсатади. Вазиятга, шунингдек, CОVID-19 пандемияси ва Украинадаги амалиёт оқибати ҳам сезиларли даражада таъсир этган. Бу 2022 йил бошида озиқ-овқат нархи ошишига олиб келди.
Кейинчалик Қора денгиз дон ташаббуси ва бошқа чора-тадбирлар нархни барқарорлаштиришга қисман ёрдам берди. Афсуски, импортга қарам камбағал мамлакатлар ҳамон Украинадаги уруш оқибатини ҳис қилмоқда.
Африкадаги қурғоқчилик, Покистондаги ҳалокатли сув тошқини, Африка жанубидаги тропик бўрон, циклон ва қурғоқчилик озиқ-овқат инқирозини кучайтирган экстремал об-ҳаво ҳодисаларидир.
Экспертлар халқаро ҳамжамиятни салбий оқибатни бартараф этишга бор куч-ғайратни сарфлаш, сайёрамиздаги очлик билан боғлиқ вазиятни янада кучайтираётган етакчи омилларга қарши курашишга эътиборни кучайтиришга чақирмоқда. Бундай ёндашув, маъруза муаллифлари таъкидлаганидек, инновацион ечимлар топиш, халқаро ташкилотлар, ҳукуматлар, хусусий сектор, минтақавий ташкилотлар, фуқаролик жамияти вакиллари ва аҳоли саъй-ҳаракатини мувофиқлаштириш такомиллаштирилишини назарда тутади.
Мутахассислар огоҳлантиришича, можаро, иқтисодий зарба ва экстремал об-ҳаво ҳодисаси озиқ-овқат хавфсизлигига салбий таъсир кўрсатишда давом этаётган ўзаро боғлиқ муаммоларни келтириб чиқармоқда. Айни вазият 2023 йил кескин ўзгаришига ҳали ҳеч қандай асос йўқ. Ҳисобот муаллифлари олти мамлакатда, хусусан, Сомалида оч қолганлар сони янада ортиши мумкинлигидан огоҳлантирмоқда.
Гўзал Сатторова, ЎзА