Миллий хавфсизлик бўйича АҚШ Президенти маслаҳатчиси Жейк Салливан якшанба куни Ар-Риёдда Ҳиндистон, Саудия Арабистони ва Бирлашган Араб Амирликларидан келган ҳамкасблари билан ушбу мамлакатларни ўзаро боғлайдиган темир йўл ва денгиз йўли тармоғини яратиш бўйича йирик қўшма лойиҳани муҳокама қилган. Бу ҳақда “Axios” портали маълум қилди.
“14 майга белгиланган Туркия президенти сайлови иккинчи турга қолса керак”, – деди Республика раҳбарлиги учун курашаётган номзодлардан бири Муҳаррам Инже NTV телеканали орқали. “Сайловлар икки турда бўлиб ўтадиганга ўхшайди, мен шундай вазиятни кўряпман”, – деган сиёсатчи.
***
Япония бош вазири Сеулда мустақиллик йўлида ҳалок бўлган кореяликлар қабристонини зиёрат қилди. Япония бош вазири Фумио Кисида Сеул миллий қабристонига борди, деб ёзди “JoongAng Ilbo” газетаси якшанба кунги сонида.
Бош вазир қабристонда Япониядан мустақил бўлиш учун кечган курашда ҳалок бўлганлар хотирасига ўрнатилган ёдгорлик пойига гул қўйган. Япония ҳукумати мазкур қабристонга илгари 2011 йилда келган эди, деб ёзмоқда газета.
***
Запорожье АЭСи “жуда хавфли тус олмоқда”. Запорожье АЭС олдиндан айтиб бўлмайдиган ва “юқори даражада хавфли” бўлиб бормоқда. Халқаро атом агентлиги (МАГАТЭ) бош директори Рафаэль Гросси шундай фикрда эканини таъкидлади.
***
Сунак ва Трюдо хавфсизлик ва мудофаа соҳасида ҳамкорликни кенгайтириш масаласини муҳокама қилди. Буюк Британия ҳукумати раҳбари Риши Сунак Лондонда ўзининг канадалик ҳамкасби Жастин Трюдо билан икки мамлакат ўртасида хавфсизлик ва мудофаа соҳаларига ҳамкорликни мастаҳкамлаш бўйича фикр алмашди, деб маълум қилди Сунак канцелярияси бош вазирлар учрашуви якуни бўйича тарқатган хабарида.
***
Хитой толиблар ҳукуматини террорчиликка қарши кескин кураш олиб боришга чақирди. Хитой ташқи ишлар вазири Цин Ган Покистон пойтахти Исломободда Афғонистон ташқи ишлар вазири вазифасини вақтинчалик бажариб турган Амир Хон Муттақий билан бўлиб ўтган учрашувда терроризмга қарши кескин кураш олиб бориш зарурлигини таъкидлаган.
***
Туркия мухолифати Швециянинг НАТОга аъзо бўлиш сўровини тезкор равишда маъқуллаган бўларди. Туркия мухолифати Швецияни июль ойида Вильнюсда бўладиган НАТО саммитига қадар альянсга аъзо сифатида кўришни истайди. Агар мухолифат май ойида бўлиб ўтадиган президент сайловида ғалаба қилса ва тез фурсатда ҳукуматни шакллантирса, Швеция аризасини НАТО саммитига қадар маъқуллаган бўларди, дейилади Швеция радиоси тарқатган хабарда.
С.Раҳимов, ЎзА