Нукус шаҳридаги “Гоне қала” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида Миллий гвардиянинг Қорақалпоғистон Республикаси бўйича бошқармаси ходимлари учун янги уй фойдаланишга топширилди.
Шу муносабат билан ўтказилган тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси А.Оринбаев иштирок этиб, миллий гвардиянинг Қорақалпоғистон Республикаси бўйича бошқармасининг 30 нафар ходимига янги хонадонлар калитини топширди.
Таъкидланганидек, сўнгги йилларда давлатимиз раҳбари ташаббуси билан ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзоларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш, ҳарбий шаҳарчаларни ободонлаштириш, замонавий инфратузилмани такомиллаштириш борасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Мамлакатимиз мудофаа қудратини ошириш, Ватанимиз сарҳадлари дахлсизлиги, аҳолининг фаровон ҳаётини таъминлашда ҳарбий хизматчиларнинг хизмати беқиёсдир. Осойишталик посбонларини қўллаб-қувватлаш мақсадида имтиёзли ипотека кредити асосида қуриб битказилган кўп қаватли уй-жойнинг бошланғич бадали давлат томонидан тўлаб берилиши ушбу эътиборнинг яна бир намунасидир.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг махсус қарори асосида 7 миллиард сўм маблағ ажратилди ва шунинг ҳисобидан 5 қаватли, 30 хонадонли уй-жой қуриб битказилди. Ҳар бири 2, 3 ва 4 хонали уйларда Миллий гвардия ходимларининг оила аъзолари учун барча шарт-шароит яратилган.
Тадбир иштирокчилари янги уйда яратилган шарт-шароитлар билан танишди.
Довуд АБИБУЛЛАЕВ, ЎзА