Самарқанд давлат ветеринария медицинаси, чорвачилик ва биотехнологиялар университети Нукус филиалида ота-оналар билан учрашув бўлиб ўтди.

Филиал директори Адилбай Есимбетов очиқ мулоқот давомида ўқув юртида олиб борилаётган таълим тизими ва ўқув жараёнлари, ички тартиб-қоидалар ва талаба ёшларнинг сифатли билим олиши учун яратилган шароитлар ҳақида атрофлича маълумот берди. Шу кунга қадар эришилган ютуқлар ва унда талабаларнинг ҳиссаси катта эканлиги алоҳида эътироф этилди.

Учрашув давомида мамлакатимизда олий таълим соҳасига алоҳида эътибор қаратилиб, ёшларнинг ҳар томонлама замонавий таълим олишига энг муҳим масала сифатида қаралаётганлиги, филиал раҳбарияти ва профессор ўқитувчилари талабаларга етук билим бериш учун бор имкониятларини сафарбар этаётганлиги таъкидлаб ўтилди. Шунингдек, уларнинг маънавиятини янада юксалтириш, китобхонлик маданиятини шакллантириш, тадбирларда фаол иштирок этиши учун барча қулай шароитлар яратиб берилаётганлиги хусусида сўз юритилди. Спортни ривожлантириш ва иқтидорли талаба ёшларни қўллаб-қувватлаш бўйича олиб борилаётган ишлар, бунинг ижобий самараси ўлароқ, ютуқларга эришиб келаётган талабалар ҳақида маълумот берилди. Ота-оналарни бу ерда яратилган шарт-шароитлар билан яқиндан таништириш мақсадида видеоролик намойиш этилди.
Учрашувда устозлари томонидан берилган билимларни яхши ўзлаштириб, аъло баҳоларга ўқиётган, кўрик-танловлар ва маънавий-маърифий тадбирларда фаол иштирок этиб, ижобий ютуқларга эришиб келаётган талаба ёшларнинг ота-оналарига раҳбарият томонидан ташаккурномалар топширилди. Ўз тенгдошларига ўрнак бўла оладиган комил фарзандларни тарбиялагани учун уларга алоҳида миннатдорчилик изҳор этилди. Шунингдек, халқаро миқёсидаги турли танловларда ютуқларга эришган талабаларга эсдалик нишонлари, гувоҳномалар ҳамда дипломлар топширилди. Бу эса, ўз ўрнида, уларнинг ота-оналарига қувонч бағишлади.

Жами 600 нафарга яқин ота-она ташриф буюрган учрашувда атрофлича фикр алмашилди, уларнинг ҳам таклиф ва мулоҳазалари тингланди. Ота-оналар фарзандларининг яхши таълим олиши учун яратилган шароитлардан мамнун эканлигини билдирди.

Довуд АБИБУЛЛАЕВ,  ЎзА