Ўзбекистон Республикаси мудофаасига кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилоти Қорақалпоғистон Республикаси кенгаши жамоаси Тўрткўл туман ҳокимлиги, республика Маънавият ва маърифат маркази туман бўлими, Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш бўлими, туман Мудофаа ишлари бўлими вакиллари билан ҳамкорликда ушбу туманда истиқомат қилувчи Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси 99 ёшни қарши олган Иван Федотович Галенко хонадонига ташриф буюрди.
Ташриф давомида “Ватанпарвар” ташкилоти Қорақалпоғистон Республикаси кенгаши раиси Қ.Разбеков ва бошқалар, уруш ва меҳнат фахрийсини яқинлашиб келаётган Хотира ва қадрлаш куни, Иккинчи Жаҳон урушида эришилган ғалабанинг 78 йиллиги билан қутлади.
Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 2 майдаги “Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини рағбатлантириш тўғрисида” ги фармони асосида мамлакатимизда 9 май – Хотира ва қадрлаш куни умумхалқ байрами сифатида кенг нишонлашга, шунингдек, Иккинчи жаҳон урушида ҳалок бўлган аждодларимиз хотирасини абадийлаштириш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Жумладан, фашизм устидан қозонилган ғалабанинг 78 йиллиги муносабати билан Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва ногиронларининг ҳар бири 18 миллион сўм миқдорида бир марталик пул мукофоти билан тақдирланмоқда.
Учрашув давомида отахон Ватан озодлиги учун кечган жанглар, урушдан кейинги қизғин меҳнат фаолияти тўғрисида гапириб берди. Байрам муносабати билан Иккинчи жаҳон уруши қатнашчисига совғалар топширилди.
Довуд АБИБУЛЛАЕВ, ЎзА мухбири