Оммавий ахборот воситалари вакиллари ва блогерларни Қорақалпоғистон Республикасида аҳолига сифатли ичимлик сувини етказиш бўйича олиб борилаётган ишлар билан таништириш, оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорликни тўғри ташкил этиш мақсадида “Қорақалпоқ сув таъминоти” масъулияти чекланган жамиятига қарашли сув иншоотларига пресс тур ташкил этилди.

Таъкидланганидек, давлатимиз раҳбарининг 2022 йил 25 октябрдаги “2022-2023 йилларда маҳаллалар инфратузилмасини янада яхшилаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” ги қарори асосида республика ҳудудларини обод қилиш, қишлоқ ва маҳаллаларда инфратузилма билан боғлиқ энг долзарб масалаларни тизимли ҳал этиш, хусусан, жойларда ичимлик суви таъминоти объектларини яхшилаш, шу асосда аҳоли учун муносиб турмуш шароитларини яратиш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Жумладан, мазкур қарор ижроси доирасида лойиҳа қиймати 100,4 миллиард сўмлик маблағ ҳисобидан 69 та лойиҳада 342,6 километр ичимлик сув тармоғи ва 17 та сув иншоотида қурилиш ҳамда реконструкция ишлари олиб борилмоқда. Шунингдек, лойиҳа доирасида 5473 та хонадон ичимлик суви тармоғига уланиб, сув ҳисоблагичлар бепул ўрнатилмоқда. Бугунги кун ҳолатига 51,8 миллиард сўмлик иш бажарилди.

Аҳолининг уй-жой шароитини яхшилаш, ҳудудларда замонавий шаҳарсозлик талаблари асосида кўп қаватли уй-жойлар, ижтимоий соҳа ва инфратузилма объектлари ҳамда муҳандислик-коммуникация тармоқлари қурилишини жадаллаштириш мақсадида Кегейли, Қораўзак ва Қонликўл туманларида барпо этилаётган “Янги Ўзбекистон” массивларида узунлиги 10,73 километр ичимлик, оқова сув тармоғи ва 3 дона  оқова сув тозалаш иншоотини янгидан қуриш ишлари олиб борилмоқда.

Пресс тур давомида оммавий ахборот воситалари ходимлари ва блогерлар жойларга чиққан ҳолда, олиб борилаётган ишлар билан бевосита таништирилди. Хусусан, 2023-2025 йилларда Ўзбекистон Республикасининг ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш дастури асосида Нукус шаҳридаги Нукус сув тозалаш иншоотида умумий қиймати 74,9 миллиард сўм бўлган  курилиш реконструкция ишлари олиб борилмоқда. Асосан, Нукус шаҳрини ичимлик суви билан таъминлаш имконига эга мазкур сув тозалаш иншооти олдин суткасига 65 минг метр куб сув етказиб бериш имкониятига эга бўлган бўлса, қурилиш ишлари якуни билан ушбу кўрсаткич 95 минг метр кубга етказилади. Демак, аҳоли сони кун сайин ортиб бораётган Нукус шаҳри аҳолисига сув етказиб бериш имконияти янада кенгаяди ва бу, албатта, сувнинг сифатига ҳам ижобий таъсир кўрсатади.

Ичимлик суви аҳолига етиб боргунча уч босқичда тозаланади. Дастлаб тиндирилади, фильтрланади ва сўнг зарарсизлантирилади. Ушбу ишлар “Қорақалпоқ сув таъминоти” масъулияти чекланган жамияти кимёвий бактериологик лабораториясида амалга оширилади. Мутахассисларнинг таъкидлашича, мана шундай лабораториялар республиканинг барча туманларида мавжуд бўлиб, сувнинг сифатини яхшилаш учун хизмат кўрсатмоқда.

Шундан сўнг, пресс-тур иштирокчилари учун матбуот анжумани ташкил этилди. Унда соҳа мутахассислари томонидан ичимлик сувининг сифатини яхшилаш, замонавий технологияларни жалб этиш, оқова сув тармоқларини янгилаш борасида амалга оширилаётган ишлар хусусида маълумот берилди.

Қайд этилганидек, соҳада олиб борилаётган ишлар натижасида жорий йил охирига кадар Оролбўйи аҳолисининг 74,3 фоизини марказлаштирилган ичимлик сув тармоғи билан қамраб олиш назарда тутилган. Шунингдек, оқова сув тармоқларини янгилаш борасида ҳам қатор ишларнинг олиб борилиши режалаштирилмоқда.

Матбуот анжумани якунида оммавий ахборот воситалари вакиллари ва блогерлар ўзларини қизиқтирган саволларига жавоб олди.

 

Довуд АБИБУЛЛАЕВ,

Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ (сурат), ЎзА