И.Савицкий номидаги Қорақалпоғистон Республикаси давлат санъат музейида сақланаётган асарлар орасидан Иккинчи жаҳон уруши мавзуси ҳам кенг ўрин олган.
“Жанговар биродарлик қўшиғи”, “Ғалаба”, “Ютуқ” ва шу каби бир қатор рангтасвир ишлари шулар жумласидандир. “Дўстлик” ордени соҳиби, Қорақалпоғистон халқ рассоми Базарбай Серекеевнинг (1942-2017) “Уйга қайтиш” номли картинаси, айниқса, мазмун жиҳатидан жуда таъсирли. Рассом Иккинчи жаҳон уруши йилларидан қайтмаган оталар хотирасига бағишлаб мазкур асарни яратади.
Геосиёсий ўйинларнинг қурбонига айланган неча-неча азаматларнинг қанчадан-қанча фарзандлари тақдирига етимлик тамғаси босилди. Болалар оталарини кутиб яшашдек қисматга маҳкум этилди. Овул болалари суҳбатлашиб ўтиришаркан, оталарининг бир кун албатта қайтиши мумкинлиги ҳақида сирлашиб, баланд тепаликларга чиқиб, йўл пойлаган бўлардилар.
“Уйга қайтиш” да рассом ўтмиш болаларининг армонларини рангин бўёқларда рўёбга чиқаради. Отани уйга қайтаради. Ота қучоғида ўтирган болакайлар хурсанд, бири отасининг кўксидаги медалга ҳайрон боқади, бири эса қўлида қанд, юзида самимий табассум. Уруш йиллари ва урушдан кейинги йилларда болалар ҳам катталар каби жуда оғир кунларни бошдан ўтказишган. Очарчилик йиллари не-не бегуноҳ болаларни бу ёруғ оламдан олиб кетганди. Эътибор қаратсангиз, дастурхон устида патир, зоғора нон ва қанд бор. Булар уруш йилларида камёб топиладиган маҳсулотлар эди.
Рассом келажакка ўтмишсиз қарай олмаслигини мазкур картинада исботлади.
Шоҳиста АБДУРАҲМОНОВА,
санъатшунос .
ЎзА