Ҳуқуқий муносабат
Қайси ҳолларда йўл-транспорт ҳодисаси тўғрисидаги ҳужжатларни ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходими иштирокисиз расмийлаштириш мумкин?
– “Транспорт воситалари эгаларининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш тўғрисида”ги қонуннинг 20-1-моддасига асосан йўл-транспорт ҳодисаси тўғрисидаги хабарнома йўл-транспорт ҳодисасида иштирок этган ҳайдовчилар томонидан ички ишлар органи ходимларининг иштирокисиз тузилади, – дейди Тошкент давлат юридик университети Юридик клиникаси ходими Муҳриддин Шамсиддинов – Ушбу модданинг биринчи қисмида кўрсатилган асослардан биттаси мавжуд бўлмаган тақдирда, тузилган йўл-транспорт ҳодисаси ҳақидаги хабарнома ҳақиқий эмас, деб ҳисобланади.
Ҳодиса тўғрисидаги хабарнома ҳақиқий эмас, деб топилган тақдирда ёхуд суғурталовчи томонидан ишни кўриб чиқиш жараёнида айбдор тараф ўзгаргани факти аниқланган тақдирда суғурталовчи йўл-транспорт ҳодисаси тўғрисидаги хабарномани ва унга илова қилинган ҳужжатларни, шунингдек, кўрик ёки мустақил экспертиза натижаларини айбдор тараф ўзгарганлиги факти аниқланган ҳолларда ўша куннинг ўзида ички ишлар органларига юборади.
Йўл-транспорт ҳодисаси тўғрисидаги хабарномани кўриб чиқиш чоғида айбдор тараф ўзгаргани факти аниқланиши ва бошқа тарафнинг айбини тасдиқловчи материаллар ёки видеоёзувлар ёхуд ушбу модданинг учинчи қисмида кўрсатилган кўрик ва мустақил экспертиза натижалари бўлмаганда суғурталовчининг йиғилган ҳужжатларни ички ишлар органларига юбориши суғурталовчи суғурта товонини тўлашни асоссиз рад этган деб баҳоланади.
–Транспорт воситалари эгалари ва суғурталовчилар йўл-транспорт ҳодисаси тўғрисидаги хабарномани тузиш чоғида қандай ҳаракатларни амалга оширишлари керак?
– Йўл-транспорт ҳодисаси тўғрисидаги хабарнома йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлганидан кейин ҳодиса иштирокчиси бўлган ҳайдовчилар томонидан дарҳол жойнинг ўзида ва икки нусхада тузилади. Йўл-транспорт ҳодисаси тўғрисидаги хабарнома ҳайдовчиларнинг фуқаролик жавобгарлигини суғурта қилган суғурталовчиларга қуйидаги материаллар ва ҳужжатлар илова қилинган ҳолда уч иш куни ичида юборилади.
Жумладан, йўл-транспорт ҳодисаси жойи, транспорт воситаларининг фотосурати ва видеоёзуви, транспорт воситаларининг шикастланган қисмларининг фотосурати, ҳайдовчиларнинг суғурта ҳодисасини тўғридан тўғри ҳал этиш тўғрисидаги аризалари, йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлган жойдаги ёки унга яқин жойдаги наркологик диспансерда ёхуд соғлиқни сақлаш органлари томонидан белгиланган туман ва шаҳар даволаш-профилактика муассасасида йўл-транспорт ҳодисаси ҳақида хабарнома тузилган пайтдан эътиборан тўрт соат ичида ҳайдовчиларнинг мастлик ҳолатини аниқлаш бўйича тиббий текширув ўтказилгани тўғрисида баённома юборилиши лозим.
Шунингдек, йўл-транспорт ҳодисасида иштирок этган ҳайдовчиларнинг транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқини берувчи ҳужжатлари, транспорт воситалари рўйхатдан ўтказилганлиги ҳақидаги ҳужжатлар ва суғурта полисининг кўчирма нусхалари берилади. Ҳайдовчиларнинг мастлик ҳолатини текширувдан ўтказиш қиймати суғурталовчи томонидан мажбурий суғурта шартномаси бўйича ўрни қопланиши лозим бўлган зарар таркибига киритилади.
Транспорт воситалари эгалари йўл-транспорт ҳодисаси тўғрисидаги хабарномада кўрсатилган транспорт воситаларини кўрикдан ва (ёки) мустақил экспертизадан ўтказиш учун сўров олинган кундан эътиборан уч иш куни ичида суғурталовчининг сўровига кўра тақдим этиши шарт. Транспорт воситаларининг эгалари транспорт воситаларини суғурталовчининг ёзма розилигисиз ёки суғурталовчи суғурта товонини тўлаш тўғрисида ёхуд уни тўлашни рад этиш ҳақида қарор қабул қиладиган кунга қадар таъмирлашга ёки утилизация қилишга ҳақли эмас.
Суғурталовчи йўл-транспорт ҳодисаси тўғрисидаги хабарнома тегишли материаллар ва ҳужжатлар илова қилинган ҳолда тақдим этилган кундан эътиборан ўн беш календарь кун ичида суғурта товонини тўлаш тўғрисида ёки уни тўлашни рад этиш ҳақида қарор қабул қилади. Транспорт воситаларини кўздан кечириш, мустақил экспертизани ҳамда ўрни қопланиши лозим бўлган зарарнинг миқдорини белгилаш учун баҳолашни ташкил этиш белгиланган муддатда суғурталовчи томонидан амалга оширилади.
Йўл-транспорт ҳодисаси тўғрисидаги хабарномани тузиш асослари ва тартиби эса Вазирлар Маҳкамасининг 2008 йил 24 июндаги қарорига асосан транспорт воситалари эгаларининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш қоидалари билан белгиланади.
ЎзА мухбири
Гулноза Бобоева
ёзиб олди.