Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университети талаба-ёшлари томонидан Тошкент шаҳридаги Адиблар хиёбонида қорақалпоқ адабиёти ривожига ҳисса қўшган Бердақ, Ажиниёз, Тўлепберген Қайипбергенов, Ибройим Юсуповларнинг ҳаёт йўли ҳамда ижодий намуналаридан тайёрланган “Саҳро булбуллари номини олган адиблар” мавзусида тадбир ташкил этилди.

Тадбирда талаба ва ўқувчиларнинг маънавий ривожланишига кўмаклашиш маркази вакиллари ҳамда бир қатор ёзувчи шоирлар иштирок этди. Дастлаб иштирокчилар адиблар ҳайкаллари пойига гуллар қўйди. Шундан сўнг йиғилганлар эътиборига “Саҳро булбуллари номини олган адиблар” деб номланган концерт дастури ҳавола этилди.

Тадбирда Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университети Ёшлар масалалари ва маънавий-маърифий ишлари бўйича проректори С.Алауатдинов сўзга чиқиб, қорақалпоқ классик адабиётининг асосчилари Бердақ, Ажиниёз, Тўлепберген Қайипбергенов, Ибройим Юсуповларнинг ижод йўли, бебаҳо адабий мерослари, уларнинг адабиётимиз ривожига қўшган ҳиссалари ҳақида маълумот берди.

–Бундай дастурни ташкил қилишдан асосий мақсад, келажак авлодни Она ватанга муҳаббат ва содиқлик руҳида тарбиялаш, қардош халқлар ўртасида дўстлик алоқаларини ривожлантиришлан иборат, – дейди С.Алауатдинов.– Шунингдек, ўсиб келаётган ёшларга буюк адибларимизнинг адабий меросини тушунтириш, уларнинг ижодини аҳоли, айниқса ёшларимиз ўртасида кенг тарғиб қилишдир.

Олий ўқув юртининг иқтидорли талаба-ёшлари томонидан куй-қўшиқлар, миллий рақслар ва ҳунармандчилик намуналари, рассомлар кўргазмаси, “Ҳурлиман” халқ ансамбли томонидан буюк адибларнинг ҳаёт йўли ва ижодий ишлари бўйича тайёрланган мусиқали саҳна кўринишлари томошабинларга ўзгача завқ бағишлади.

Довуд АБИБУЛЛАЕВ,  

ЎзА мухбири