Сирдарё вилояти ҳокими Акмалжон Махмудалиев Литванинг “Uz-Euro Trade House”, “All Time Group” компаниялари ва Европа бозорида кўп йиллик тажрибага эга бўлган савдо соҳаси вакилларидан иборат делегацияни қабул қилди.
Мулоқот чоғида вилоятда етиштирилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини Европа бозорларига олиб кириш, экспорт географияси ва ҳажмини янада кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди. Янги ҳамкорларни топиш ва улар билан тўғридан тўғри алоқаларни ўрнатиш, савдо келишувларига эришиш асосий мақсади эканлигини қайд этган меҳмонлар вилоят тадбиркорларининг Европа бозорларига чиқишида керак бўладиган «Global gap» сертификатларни олишда ҳам кўмаклашишини таъкидлади.
Ўз навбатида вилоят ҳокими туман ва шаҳарларнинг инвестициявий салоҳияти, экспорт имкониятлари, логистика ва ишбилармонлик муҳити ҳақида атрофлича маълумот берди. Учрашув давомида, шунингдек, хорижий компаниялари вакиллари ҳамда сирдарёлик ишбилармонлар ўртасида “B2B” форматида музокаралар ўтказилди.
Муҳокама қилинган ҳамда ҳамкорлик қилиш бўйича келишиб олинган масалалар юзасидан биргаликда иш ташкил этиш белгилаб олинди. Бу хусусида ўзаро англашув меморандумлари имзоланди.
Ш. Суяров,
Ш. Ортиқбоев,(сурат) ЎзА