14 май куни Тошкентда ҳарбий-ватанпарварлик руҳидаги “Мен ғолиб” оммавий югуриш мусобақаси бўлиб ўтади.
Шу муносабат билан Ўзбекистон енгил атлетика федерациясида мазкур оммавий югуриш мусобақасини ўтказишга тайёргарлик кўришга бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.
— “Мен ғолиб” оммавий югуриш мусобақасини ўтказишдан кўзланган мақсад аҳоли ўртасида югуриш ва соғлом турмуш тарзини оммалаштириш, ҳарбий хизматчиларнинг спорт руҳини сақлаш ва дўстона спорт алоқаларини ривожлантириш, куч ишлатувчи тузилмалар идораларининг вакиллари орасидан энг кучли жамоаларни аниқлашга қаратилган, — дейди Ўзбекистон енгил атлетика федерацияси ҳакамлар ҳайъати раиси Ҳасанбой Ортиқов.
Бу сафарги оммавий югуриш мусобақаси Хотира ва қадрлаш кунига бағишланади.
Ҳарбий-ватанпарварлик оммавий югуриш мусобақаси йилдан-йилга куч ишлатувчи тузилмалар ва югуриш ҳаваскорлари орасида катта обрў қозонмоқда. Алоҳида таъкидлаш жоизки, ушбу спорт тадбири илк маротаба 2000 га яқин иштирокчини бирлаштиради. Оммавий югуриш мусобақасининг дастури кенгайтирилди. Яъни, унга 3 та масофа киритилди. Булар ярим марафон – 21,1 километр, чорак марафон – 10,5 километр ва 3 километрга оммавий югуриш мусобақаси.
Оммавий югуриш мусобақаларига 07:00да старт берилади.
“Мен ғолиб” кубогини қўлга киритиш учун Мудофаа вазирлиги, Миллий гвардия, Ички ишлар вазирлиги, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Давлат хавфсизлик хизмати, Президент давлат хавфсизлик хизмати, Давлат божхона қўмитаси вакилларидан иборат 7 та жамоа ҳамда куч ишлатувчи тузилмалар таълим муассасаларининг 6 та жамоаси кураш олиб боради.
Иштирокчилар 14 та номинация бўйича тақдирланади.
“Мен ғолиб” оммавий югуриш мусобақасида қатнашиш истагини билдирган барча югурувчилар 10 майга қадар Iticket.uz сайтида пуллик рўйхатдан ўтган ҳолда ариза топширишлари мумкин.
Н.Раҳмонова,
ЎзА