Бугун пойтахтимиздаги “Wyndham” меҳмонхонасида “Каспий технологик кун: Рақамли Ипак йўли, SLB 2023” мавзусида халқаро форум бўлиб ўтди.

“Schlumberger” компанияси томонидан ташкил этилган ушбу форумда Ўзбекистон, Қозоғистон, Туркманистон, Озарбайжон каби давлатларнинг “Ўзбекнефтгаз”, “Казмунайгаз”, “North Caspian Operating Company”, “Karachaganak Petroleum Operating” каби 20 дан ортиқ етакчи компанияси вакиллари иштирок этди.

Унда иштирокчилар нефть-газ соҳасини янада такомиллаштириш ва ишлаб чиқариш салоҳиятини ошириш мақсадида тизимда рақамлаштиришни жорий қилиш бўйича ўзаро тажриба алмашди. “Ўзбекнефтгаз” АЖ ва “Schlumberger” компанияси ўртасидаги ҳамкорлик натижалари асосида эришилган кўрсаткичлар тақдим этилди.

“Ўзбекнефтгаз” акциядорлик жамияти конларни ишлатиш департаментининг моделлаштириш маркази бошлиғи Равшан Ғуломовнинг таъкидлашича, ушбу марказ нефть ва газ конларини ишлатишда юзага келадиган муаммоларни бартараф этишнинг ечимларини ишлаб чиқиш билан шуғулланади.

– Бугунги кунда марказ томонидан Ўзбекистон нефть ва газ саноатининг қарийб 120 йиллик тарихи давомида тўпланган маълумотлар рақамлаштирилиб, Миллий маълумотлар базаси ҳам яратилган. Таъкидлаш керакки, марказ ташкил этилгандан бошлаб 4 йил давомида 120 та коннинг уч ўлчамли рақамли геологик, 75 та гидродинамик, 40 та газ қувурининг тармоқ моделлари ишлаб чиқилди. Бугунги кунга келиб, биз интеграциялаштирилган моделлаштиришнинг энг мураккаб вазифаларидан бирини бажаришга киришдик, унинг моҳияти нефть ва газ конларининг ерости ва ерусти қисмларини бирлаштириш ва уларни таҳлил қилишдан иборат. Соҳада эришилган ютуқлардан келиб чиқиб, бугун ўтказилган форумда иштирокчиларни “Ўзбекнефтгаз” АЖ томонидан газ қазиб олиш ҳажмларини кўпайтириш, конларни ишлаш режимларини яхшилаш, янги қудуқларни бурғулаш учун оптимал жойларни топиш ва конларни ишлатишнинг узоқ муддатли режаларини ишлаб чиқиш устида олиб борилаётган изланишлар ҳақида тақдимот қилдик, – деди Р.Ғуломов.

Форумда “Ўзбекнефтгаз” АЖ конларни ишлатиш департаментининг моделлаштириш маркази томонидан амалга оширилган ишлар тақдимотига урғу берилар экан, бу каби моделлаштириш марказлари “Saudi Aramco”, “ExxonMobil”, “BP”, “Shell” каби жаҳоннинг кўплаб етакчи нефть ва газ компанияларида мавжудлиги, улардан ишлаб чиқариш самарадорлигини ошириш, харажатларни оптималлаштириш, нефть ва газ ишлаб чиқариш жараёнларини такомиллаштиришда алоҳида ҳиссаси борлиги қайд этилди.

“Schlumberger” энг йирик нефть конларига хизмат кўрсатувчи компания ҳисобланади. Компаниянинг асосий операцион марказлари Хьюстон, Париж, Лондон ва Гаагада жойлашган.

Компаниянинг Каспий минтақасидаги рақамли технологиялар бўлими ижрочи директори Дмитрий Крючковнинг сўзига кўра, “Ўзбекнефтгаз” АЖ барча йўналишларда рақамли маълумотлар базасини яратишга эришди.

– Биз Ўзбекистонга 2019-2020 йиллар давомида ишлаб чиқаришни модернизация қилиш бўйича лойиҳани амалга оширишга ёрдам бердик. Айни дамда “Ўзбекнефтгаз” акциядорлик жамияти томонидан тўпланган улкан ахборот ҳажмини янги сифатга айлантириш зарур эди. Маълумки, маълумотлар ўз-ўзидан ишламайди. Аксинча, уларни рақамли шаклда маълумотлар базасига жойлаш, улардан хулоса ва умумлаштиришда фойдаланиш муҳимдир. Шу тариқа, “Ўзбекнефтгаз” АЖ барча нефть ва газ маълумотларининг рақамли маълумотлар базасини яратишга қарор қилди. Мен ишлаётган мамлакатлар орасида бу миллий маълумотлар базаси ягона ҳисобланади. Ҳозир бундай лойиҳани биронта давлат амалга оширмади, лекин улар ҳам бу борада иш олиб бораётир. Шу боис Ўзбекистон бу масалада етакчилик қилмоқда, – деди Д.Крючков.

Насиба ЗИЁДУЛЛАЕВА, ЎзА мухбири