АҚШ Президенти Жо Байденнинг таъкидлашича, сунъий интеллект ишланмалари билан шуғулланаётган компаниялар зиммасида маҳсулотларини истеъмолчиларга таклиф этишдан аввал уларнинг хавфсизлигини таъминлаш бўйича “фундаменталь жавобгарлик» турибди.

Оқ уй матбуот хабарномасида келтирилишича, Байден вице-президент Камала Харрис сунъий интеллект яратиш бўйича етакчилик қилаётган тўртта компания вакиллари билан мажлис ўтказаётганда уларнинг олдига кириб шу гапларини айтган.

“Президент ва вице-президент учрашув иштирокчиларига сунъий интеллектнинг шахслар, жамият ва миллий хавфсизлик учун келтириши мумкин бўлган хавфини бутунлай бартараф этиш лозимлигини таъкидлаган”, – дейилади хабарда.

Оқ уйнинг изоҳ беришича, бу ерда гап нафақат инсон ҳуқуқларига амал қилиш ва уларнинг шахсий ҳаётига аралашмасликни таъминлаш, балки ишчи ўринларини сақлаб қолиш ҳақида ҳам бормоқда.

АҚШ маъмурияти мазкур компаниялар ишланмаларининг ўзига хослиги бўйича кўпроқ очиқ бўлишга, уларнинг хавфсизлиги ва самарасини текшириш учун ҳамда четки аралашувлардан ҳимоясини таъминлаш учун шароит яратишга чақирган.

Учрашувда OpenAI, Anthropic, Microsoft ва Alphabet компаниялари вакиллари иштирок этди, дейилади хабарда.