Ташқи ишлар вазири Мавлуд Човушўғли Туркияга нисбатан асоссиз танқид туфайли Буюк Британиянинг “The Economist” журнали учун ёзган мақоласини қайтариб олди. Бу ҳақда “Анадолу” маълум қилди.

Вазирнинг мақоласи журналнинг кейинги сонида чоп этилиши керак эди. Маълум бўлишича, жорий сон муқовасида ҳам Туркиядаги сайлов мавзусига мурожаат қилинган бўлиб, “Эрдоған кетиши керак”, “Демократияни қутқаринг” иборалари мавжуд. Саҳифалар эса “2023 йилнинг энг муҳим сайлови” сарлавҳаси билан бошланган. Бундай ёндашув Човушўғлининг кескин танқидига сабаб бўлди ва у журнал учун ёзган махсус мақоласини қайтариб олди.

– Туркияниннг ички ишига тинмай аралашадиганлар бизни қизиқтирмайди, – деган ТИВ раҳбари. – Журнал муқовасида “Эрдоған кетиши керак”, деб ёзилган. Улар халқимиз учун қарор қабул қилмоқчи бўлишади, бизни бошқаришга уринишади. Нима учун Эрдоған кетиши керак? Сизга бунинг нима қизиғи бор? Англияга нима зиён етяпти?

“The Economist” журнали Туркияни биринчи марта танқид қилиши эмас, авваллари ҳам турли мавзуда республика ҳақида танқидий мақолалар чоп этган, дейилади “Анадолу” хабарида.

 

ЎзА