Пойтахтимизда “Нурли диагностика: мураккаб муаммоларнинг оддий ечимлари” мавзуида I халқаро радиология саммити иш бошлади. Бу ҳақда ССВ матбуот хизмати хабар бермоқда.
Анжуманда дунёнинг 15 давлатидан келган 300 дан зиёд радиология ва ядро тиббиёти соҳасидаги мутахассислар, шунингдек радиологик жиҳозлар ва истеъмол материаллари ишлаб чиқарувчи компаниялар вакиллари иштирок этмоқда.
Таъкидланганидек, сўнгги ўн йил ичида юртимизда тиббиёт муассасаларини илғор радиологик ускуналар билан жиҳозлашга алоҳида аҳамият берилди. Республика ва вилоят даражасидаги муассасалар, шунингдек туман шифохоналари ва поликлиникалар рентген-радиологик асбоб-ускуналар билан жиҳозланди. Қолаверса, хусусий секторнинг бир қатор солиқ ва божхона тўловларидан озод қилиниши тиббий радиология ва рақамли рентген йўналишларига ижобий таъсир кўрсатмоқда. Чунки айни пайтда юртимизда ушбу тармоқдаги хизматларнинг 50 фоиздан кўпроғи нодавлат сектор ҳиссасига тўғри келади.
Конференцияда Соғлиқни сақлаш вазири Амрилло Иноятов сўзга чиқиб, келгусида бу йўналишда режалаштирилаётган ислоҳотлар ва соҳа ривожига тўсиқ бўлаётган айрим омиллар ҳақида сўз юритди.
– Рақамли рентген, ультратовуш, компьютер ва магнитли резонанс томографияси, ангиография, радиотерапия каби ускуналардан барча ҳудудларда кенг фойдаланилиши рентгенолог-радиолог мутахассисларнинг нуфузи ортишига ва ушбу йўналишга ёш шифокорларнинг кириб келишига туртки бўлмоқда, – деди вазир. – Шу билан бирга, рентген ва радиология бўлимларида кўрсатилаётган хизматлар кўлами ва сифати етарли эмаслиги, юқори технологияли тиббий жиҳозлар имкониятларидан тўла фойдаланмаслик, замонавий илм-фан ютуқларини жорий этишда ортда қолиш каби ҳолатлар кузатилаётгани ҳам айни ҳақиқат.
Соҳада кадрларга бўлган эҳтиёжни таъминлаш мақсадида 2023/2024 ўқув йилидан бошлаб бакалавр, магистратура ва клиник ординатурада тиббий радиологлар тайёрлаш, қўшма таълим дастурлари ва академик алмашинувлар орқали интервенцион кардиология, рентген-эндоваскульяр хирургия каби тор ихтисосликлар йўлга қўйилиши кутилмоқда.
Шунингдек, анжуманда Миллий телерадиология маркази ва давлат-хусусий шериклик шартлари асосида Радиология ва ядро тиббиёти марказини ташкил этиш борасидаги таклифлар Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан қўллаб-қувватланиши маълум қилинди.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан ҳамкорликда Ўзбекистон радиологлар жамияти томонидан ташкил этилган конференцияда радиологиянинг турли йўналишларига оид юздан ортиқ мавзуларда таҳлилий тақдимотлар ўтказилади. Конференция иши 6 майга қадар давом этади.
М.Қосимова, ЎзА