Жорий йилнинг 2 май куни Тошкент маҳаллий авиақатновлар терминалида бир аёл Тошкентдан Термизга учиш учун рўйхатдан ўтишга ҳаракат қилган. Бироқ авиачипта ўрнига у парвоз брон қилинганлиги тўғрисидаги қоғозни кўрсатади. Унинг сўзларига кўра, у бу “чипта”ни шаҳар авиакассасаларидан бирида харид қилган.

Авиакассага қўнғироқ қилинганидан сўнг, унинг пуллари қайтариб берилди ва йўловчи аэропорт кассасидан чипта харид қилиб, Термизга учиб кетди.

«Uzbekistan Airports» акциядорлик жамияти ўз телеграмм каналида бу «Silk Avia» акциядорлик жамияти томонидан  сўнгги бир неча кун ичида авиачипталарни сотишда қайд этилаётган иккинчи  фирибгарлик  ҳолати эканини маълум қилди. Шу боис, «Uzbekistan Airports»  акциядорлик жамияти «Silk Avia» ҳудудий авиакомпанияси қатновлари учун чипталарни фақат  аэропорт кассаларида ёки  компаниянинг расмий сайти орқали харид қилиш мумкинлигини эслатиб ўтади. Чипталарни онлайн тарзда харид қилаётганда шахсий маълумотлар ва боғланиш учун рақамларнинг аниқ ва тўғрилигига ишонч ҳосил қилиш лозим.

«Silk Avia» илк кўргазмали парвозини 24 апрель куни амалга оширди. Шундан кейин  олтита йўналиш бўйича  чипталарни сотиш  бошланди.  Дастлабки босқичда  парвозлар пойтахтни Термиз, Навоий, Наманган, Қарши, Бухоро, Самарқанд ва Урганч билан боғлайди.

Роман БОНДАРЧУК, ЎзА